Фарғона политехника институти олимлари томонидан яратилган электрон қурилма амалиётга жорий этилди. У светофорлар тизимини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаб туради, деб ёзади Uzbekistan Today.
Ер транспорти тизими ва улардан фойдаланиш кафедраси раҳбари Маҳмуджон Турдиев ва катта илмий ходимлар Умиджон Рустамов, Аброр Тожибоевлар томонидан таклиф қилинган қурилма дастлаб Фарғона шаҳрининг Ватанпарвар кўчасидаги чорраҳага ўрнатилди ва вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда синовдан ўтказилди. Ҳеч қандай камчилик аниқланмагандан сўнг қурилмаларни Аҳмад Фарғоний, Аэропорт, Мустақиллик ва Баҳор кўчаларидаги чорраҳалар светофорларига ҳам ўрнатиш белгиланди.
«Қурилма электрон аккумулятор ва электрон коробкадан иборат. Электр токи паст кучланганда ёки у узиб қўйилганда қурилма унда тўпланган электр энергия ёрдамида таъминлайди», — дейди М.Турдиев.
«Мазкур қурилма йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Йил якунига қадар 214 та чорраҳадаги светофорларни ушбу қурилмалар билан таъминлаш режалаштирилган» — дейди вилоят ИИБ бўлим бошлиғи Дилмурод Мамазиёев.
Изоҳ (0)