Коннектикут штатида 9 май, сешанба куни рэпер 50 Cent’нинг ҳовлисига ўғриликка тушган жиноятчи ҳибсга олинди. Бу ҳақда ҳодиса юз берган Фармингтон шаҳри полиция бошқармаси хабар берди, деб ёзади «ТАСС».
«Коннектикут штати, Виндзор шаҳрида яшовчи 34 ёшли Элвин Жойс ҳибсга олинди. Унга нисбатан иккинчи даражали бузиб кириш билан ўғрилик, шахсий мулк ҳудудига ноқонуний кириш, зарар етказиш ва ўғриликка уриниш айблари эълон қилинган», — дея аниқлик киритади Фармингтон ҳуқуқ-тартибот органлари.
Мавжуд маълумотларга кўра, қулфбузар ўғри жиноят устида қўлга олинган. Данғиллама ҳовлига кириш чоғида сигнализация ишга тушган. Рэпер қўриқчилари ҳодисага аралашмасдан, тартиб қўриқчиларини чақирган. Жиноятчи полициячилар томонидан қўлга олинган.
Associated Press агентлигининг маълум қилишича, ҳуқуқбузар бир неча марта қонунларни бузганлиги учун судланган.
Ҳодиса юз берган пайтда рэпер уйида бўлмаган. 50 Cent ушбу мулкни 2003 йилда машҳур боксчи Майк Тайсондан 4 миллион долларга харид қилган. Уй ҳозирда 6 миллион долларга сотувга қўйилган.
Изоҳ (0)