Сеул шаҳридаги Lotte Concert Hall концерт залида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигига бағишланган концерт бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси томонидан ташкил этилган тадбирда икки мамлакатнинг вазирлик ва идоралари, ижодий ва жамоат ташкилотлари, маданий марказлари вакиллари, санъат ихлосмандлари иштирок этди.Маданий тадбирда баҳор, дўстлик, тинчлик, ибратли анъана ва қадриятларни улуғловчи куй-қўшиқлар ўзбек ва корейс тилларида янгради, жозибали рақслар ижро этилди. Икки халқнинг мумтоз наволари ва рақслари томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги салоҳияти, кўп асрлик қадимий ва бетакрор шаҳарларнинг бой тарихий ва маданий мероси, Ўзбекистоннинг фусункор табиати ҳақида ҳикоя қилувчи фильм намойиш этилди.
Ўзбекистон тарихи ва маданияти акс этган фотокўргазма ташкил қилинди.