Футбол бўйича Россия Премьер-лигаси якунига ҳали уч тур бўлса-да, Москванинг «Спартак» клуби мамлакат чемпионлигини расмийлаштириб қўйди.
27-турга келиб «Спартак» ўз майдонида «Томь» клубини қабул қилди ва 1:0 ҳисобида зафар қучди. Уни таъқиб қилиб келаётган Санкт-Петербургнинг «Зенит» клуби эса ўз майдонида «Терек»ка имкониятни бой берди — 0:1.
Шу тариқа «спартакчилар» ўзларидан кейинги ўринда бораётган жамоадан 10 очко илгарилаб кетди ва Россиянинг ўн карра чемпионига айланди.
Маълумот учун, Москванинг бошқа бир клуби «ЦСКА» олти марта Россия чемпионлигини қўлга киритган бўлса, «Зенит»да олтин медаллар 4 тан ташкил қилади. «Локомотив» ва «Рубин» икки мартадан, «Алания» эса бир марта бош совринга эга чиққан.
«Спартак» сўнгги бор 2001 йилги мавсумни чемпион сифатида якунлаган бўлиб, кейинги 16 йил давомида тўрт марта вице-чемпионга айланди ва бир марта бронза билан чекланди. Қолган мавсумларда кучли учликка кира олмаганди. Бош мураббий Массимо Каррера эса бош совринни москваликларга қайтарди.
Изоҳ (0)