Қўйлиқ бозори қаршисидаги собиқ кийим бозори ўрнида 2016 йилнинг ноябрь ойида қурилиши бошланган Compass мажмуасида айни вақтда ишлар қизғин давом этмоқда. «Дарё» мухбири қурилиш майдонидан махсус фоторепортаж тайёрлади.
Ҳайтек услубидаги Compass савдо-кўнгилочар марказининг ҳар бир қавати 1500 квадрат метр майдонни, мажмуанинг ўзи эса 4500 квадрат метр ҳудудни эгаллайди.
Чизмаларга кўра, мажмуанинг 1-қаватида супермаркет, 2-қаватда кўнгилочар ҳудуд (кинотеатр, болалар майдончаси, овқатланиш жойи) 3-қаватда автотураргоҳ жой олиши кўзда тутилган. Автотураргоҳ савдо марказининг том қисмида жойлашгани унинг бирламчи ўзига хос жиҳати ҳисобланади.
Лойиҳачилар айни вақтда «яшил автотураргоҳ» яратиш устида изланмоқда. Бугунги кунда пойтахтдаги аксарият автотураргоҳлар қуруқ асфальтдан иборат боʻлган бир пайтда, бино томи устида барпо этиладиган автотураргоҳ табиат билан уйгʻун тарзда яратилиши таʼкидланган.
Лойиҳаси Франциядан, қурилиш молларнинг зарурий қисмлари Россиядан келтирилган объектнинг ташқи томонида улкан шишалардан фойдаланилиши айтилмоқда.
Мажмуа Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик байрамининг 26 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)