Исроил ҳукуматининг қонунчилик масалалари бўйича қўмитаси давлатнинг миллий характери тўғрисидаги қонун лойиҳасини бир овоздан тасдиқлади, деб ёзади «ТАСС».
Ҳужжатга кўра, иврит тили мамлакатнинг давлат тили деб тан олинади, араб тили эса алоҳида мақомга эга бўлади.
Исроил телевидениесининг маълум қилишича, Қуддусни давлат пойтахти, иврит тилини эса ягона давлат тили сифатида тасдиқлаш таклиф этилади.
«Ликуд» партияси томонидан таклиф этилган қонун лойиҳасида давлат ҳар бир Исроил фуқаросига унинг дини, ирқий келиб чиқиши ва миллатидан қатъий назар ўз маданияти, анъаналари, тилини сақлаб қолишни таъминлаши лозимлиги таъкидланади.
Бироқ мухолифат аллақачон қонун лойиҳасини танқид остига олди. Уларнинг фикрича, у фуқароларнинг демократик ҳуқуқларини бузади.
Эндиликда қонун лойиҳаси Кнессетда (мамлакат парламентида) муҳокама этилади.