Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз фармони билан Президент ҳузурида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини таъсис этди. Бу ҳақда «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастури орқали маълум қилинди, деб хабар беради «Газета.uz».
Қарор «тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг кафолатларини кучайтириш, давлат органлари уларнинг ишига асоссиз равишда аралашишининг олдини олиш, хусусий мулк дахлсизлигининг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари устуворлиги принципини таъминлаш»га қаратилган.
Бизнес-омбудсман фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишлари сифатида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари томонидан уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилишини назорат қилиш кўрсатилган.
Фармонда икки ой мухлат ичида Президент ҳузурида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўрсатилган.