Венеция ҳукумати шаҳарга ташриф буюрувчи бир неча миллионлик сайёҳлар оқимини назорат қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Бу борадаги илк тадбир келаётганларнинг сонини ҳисоблаш бўлади. Бунинг учун шаҳар ҳукумати сайёҳлар ўтганида уларни ҳисобловчи экспериментал қурилмаларни ўрнатишга қарор қилди.
Режалар бўйича ҳисоблагичлар «стратегик ҳудудлар» — темирйўл вокзали чиқишида, кемалар тўхташ жойида ҳамда шаҳарга олиб борувчи асосий кўприкларга ўрнатилади.
Ҳозирда мазкур ғоя Италия ҳукумати ва ЮНЕСКО томонидан маъқулланиши кутилмоқда.
Венеция мэри Луижи Бруньяро ташаббус ижобий баҳоланишига ишонч билдирмоқда. Унинг сўзларига кўра, бу, энг аввало, Венецияда истиқомат қилувчи ва баъзан ақлга сиғмас даражада кўп сайёҳлар келиши туфайли турли ноқулайликларга учровчи оддий италияликлар ҳаётини енгиллаштириш учун қилинмоқда.
Қайд этилишича, сайёҳлар учун янги дам олиш зоналари ташкил этиш, келувчилар ниҳоятда кўпайиб кетган кун хабар бериш махсус тизимини жорий қилиш ишларини амалга ошириш ҳам мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, Венециянинг Авлиё Марк черкови жойлашган асосий майдонига кириш учун тўлов белгилаш ғояси ҳам кўриб чиқилмоқда.
Изоҳ (0)