Жорий йилнинг 27 апрель куни Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан «Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг нефть маҳсулотлари ва табиий ва суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш» мавзусида семинар ташкил этилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси тизимидаги компания ва корхоналар томонидан республикада аҳолининг нефть маҳсулотлари, табиий ва суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш борасида олиб борилаётган комплекс ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Таъкидландики, «Ўзбекнефтгаз» компаниясининг углеводород қазиб чиқариш ишлари бешта нефть-газли ҳудудда (Устюрт, Бухоро—Хива, Хисор, Сурхондарё ва Фарғона) олиб борилади. Республика иқтисодиёти ўсиб бораётганлиги муносабати билан аҳолининг нефть маҳсулотларига, айниқса автобензин ва дизель ёнилғисига бўлган талаби ортиб бормоқда. Автотранспорт воситаларининг сиқилган ва суюлтирилган газга ўтказилиши, улар сонининг ортиб бораётганлиги автобензинга бўлган эҳтиёжнинг пасайишига имкон яратмоқда.
Қайд этилганидек, 2010—2016 йиллар мобайнида Ўзбекистонда автобензин ишлаб чиқариш 26,2 фоиз, дизель ёнилғиси 8,3 фоизга камайган.
«Семинарда биз асосий эътиборни нефть ва газ захираларини аниқлашга йўналтирилган геология қидирув ишлари, углеводород қазиб чиқаришнинг жорий ҳолати, аҳолини ҳамда иқтисодиёт тармоқларини табиий ва суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қоплаш масалалари, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги режаларга қаратдик», — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамат Пардаев.
Қизғин баҳс-мунозара ва амалий мулоқот тарзида ўтган семинарда одамларни ўйлантираётган кўпгина масалалар ўртага ташланди. Депутатларга аҳоли томонидан учрашувлар давомида берилган саволларга конструктив жавоблар олинди ҳамда келгуси фаолиятда соҳага доир масалаларнинг ечимини топиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.
Семинар якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди. «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)