28 апрель куни Ўзбекистон Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизматининг Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги сайёр қабулида аҳолининг бемор вакиллари мурожаатлари ҳам кўриб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мазкур туманда яшовчи фуқаро Эргаш Холмуродов туғма ногирон – кўзи ожиз. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини битирган. Ҳозирда ишга жойлаша олмаяпти.
Ўзбекистон халқ таълими вазирининг ўринбосари Дилшод Кенжаев, Ўзбекистон меҳнат вазирининг ўринбосари Баҳодир Низомов ва бошқа мутасаддилар биргаликда фуқаронинг мурожаатини кўриб чиқди.
«Ўқув йили якунланаётган айни пайтда Ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернатида вакант жой йўқ, албатта, сизни янги ўқув йилида ишга жойлаштиришга ҳаракат қиламиз, – деди Д.Кенжаев. – Бунинг учун белгиланган қоидаларга мувофиқ тифлопедагогика, яъни кўзи ожиз тарбияланувчилар таълим-тарбияси билан шуғулланиш бўйича қайта тайёрловдан ўтишингиз керак. Унгача мурожаатингиз Халқ таълими вазирлиги назоратида бўлади».
Туман мутасаддилари Э.Холмуродовга бунгача бирор иш билан шуғулланишни маслаҳат берди. Хусусан, унга маҳалласида имтиёзли асосда дала-дўкон ташкил этиш, бу борада, зарур бўлса, кредит олиш таклиф қилинди. Фуқаро оиласи билан маслаҳатлашгач, таклифлардан бирини танлашини айтди.
Шунингдек, Мирзо Улуғбек туманида яшовчи, уч марта миокард инфарктини бошидан кечирган 67 ёшли Иброҳим Қаюмов мурожаати тингланди. Унинг юрагига стенд қўйиш учун ордер сўраб қилган мурожаатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари тез кунда кўриб чиқиб, унга ижобий ечим топилиши маълум қилинди. «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)