Тошкентнинг «Локомотив» клубида тўп сураётган 31 ёшли Марат Бикмаев Осиё Чемпионлар лигасида хет-трик қайд этди. «Championat.asia» нашрининг қайд этишича, бунга қадар «Пахтакор» ва «Бунёдкор» клубининг биттадан вакили ҳам бунга эришган.
ОЧЛ гуруҳ босқичининг 5-турида «Локомотив» Саудия Арабистонининг «Ат-Таавун» клуби билан 4:4 ҳисобида дуранг ўйнади. Мазкур беллашувда Марат Бикмаев учта гол уришга муваффақ бўлди.
2008 йилги мавсумда чилилик ҳужумчи Хосе Луис Вильянуэва хет-трик қайд этишга муваффақ бўлганди. «Бунёдкор» сафида Эроннинг «Сайпа» клубига қарши майдонга тушган ҳужумчи 9, 18 ва 52-дақиқаларда ўз номини таблога ёздирган. Беллашув «қалдирғочлар»нинг 5:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етган.
«Сайпа»га қарши ўйинда «Бунёдкор» сафида тўп сурган Тимур Кападзе орадан 9 йил ўтиб «Локомотив» либосида кўриниш берди ва Марат Бикмаевнинг хет-тригини нишонлашда иштирок этди.
2010 йилги мавсумда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бугунги кундаги сардори Одил Аҳмедовга ОЧЛда 3 та гол уриш насиб қилган. Амирликларнинг «Ал-Айн» клубига қарши беллашув Тошкент клубининг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган бўлиб, Аҳмедов биринчи бўлимнинг ўзидаёқ уч гол уриб улгурганди.
Маълумот учун, «Локомотив» 2016 йилги мавсум тўпурари Темурхўжа Абдухолиқовни Қатар клубига қўйиб юборгач, Марат Бикмаев «темирйўлчилар»нинг асосий ҳужумчиси бўлиб олди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Олий лиганинг дастлабки олти ўйинида 7 та гол урди. Жумладан, «Насаф» ва «Пахтакор»га қарши ўйинларда Бикмаев дубл қайд этди.
ОЧЛнинг Тошкентда ўтган уч ўйинида ҳам Бикмаев гол урди. Эрон ва Амирлик клублари дарвозасига бир мартадан йўл топган Марат, Саудия жамоасини уч бор ранжитишга эришди.
Изоҳ (0)