ИШИД террорчилик гуруҳи раҳбарлари Малайзия ва Жануби-Шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатлари фуқаролари бўлган жангарилар учун жавоб берувчи дала қўмондонларидан бири Муҳаммад Вандининг ҳаракатларидан кўнгли тўлмаяпти. Шу муносабат билан унга йил якунига қадар Малайзия ҳудудида бир қатор йирик терактлар содир этиш шарти қўйилган. Бу ҳақда Star газетаси хабар бермоқда, деб ёзади «ТАСС».
Нашрнинг маълум қилишича, 26 ёшли Ванди 2016 йилнинг январида рафиқаси билан Сурияга кўчиб ўтган ва у ерда ИШИД экстремистлари томонидан Индонезия тилида (Индонезия, Малайзия, қисман Сингапур ва Филиппинда тарқалган) сўзлашувчи янги жангариларни ёллаш учун жавобгар қилиб тайинланган. Бундан ташқари, унга террорчилик ҳужумларини, биринчи навбатда Малайзияда, ташкил этиш вазифаси қўйилган.
Газетанинг махсус хизматлардаги манбасига кўра, ушбу вақт давомида Ванди ўтган йилнинг июнида Куала-Лумпур чекка қисмидаги тунги клубда уюштирилган терактни тайёрлашдагина иштирок этган.
Мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари маълумотига кўра, Ванди WhatsApp мобил дастурида 100 га яқин гуруҳни юритади. Уларга асосан ёшлардан иборат Малайзия фуқаролари аъзо бўлган. Ҳозирги пайтда Вандига аввал ИШИД томонида курашган 50 дан ортиқ малайзияликнинг Суриядан ватанига қайтиши олдини олиш вазифаси юкланган.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!