Ўзбекистон Олий суди раиси Ш.Ғозиев Сурхондарё вилоятида сайёр қабул ўтказди, деб хабар беради ЎзА.
Термиз шаҳридаги Президент Халқ қабулхонасида ташкил этилган сайёр қабулда Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, суд иш юритувининг сифати ва самарадорлигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши экани таъкидланди.
Ўтган вақтда вилоятдаги Президент Халқ қабулхонларига келиб тушган 11 минг 346 мурожаатнинг 320 таси суд амалиётига тегишли экани қайд этилди.
Сайёр қабулда Сурхондарё вилоятидаги тадбиркорлик субъектлари, кексалар, хотин-қизлар ва бошқа фуқаролар томонидан уларнинг яқин қариндошлари ёки ўзлари устидан чиқарилган суд ҳукмларидан норозилиги бўйича Президент Виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналари ва бевосита Олий судга қилинган мурожаатлар тингланди, қайта кўриб чиқиш учун қабул қилинди. Айрим фуқароларга тегишлилиги бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Икки кун давом этган сайёр қабулда фуқароларнинг турли масалаларга оид 76 мурожаати тингланиб, қайта кўриб чиқиш учун қабул қилинди. Вилоят судлари раислари ва судьяларга аниқ топшириқлар берилиб, назоратга олинди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)