WSB гуруҳ босқичини 3 та ғалаба ва 3 та мағлубият билан якунлаган Uzbek Tigers’нинг чорак финалдаги рақиби номи маълум бўлди.
Турнирнинг амалдаги ғолиби ҳисобланган Cuba Domadores ярим финал йўлида ўзбекистонлик боксчиларга қарши жанг қилади. Мазкур икки жамоа ўтган йил ярим финалда тўқнаш келган бўлиб, Uzbek Tigers Кубадан 0:5 ҳисобидаги мағлубият билан қайтиб келганди.
Тошкент мезбонлик қилган финалда кубаликлар Astana Arlans жамоасидан устун келган ва бош совринга эга чиққан.
Cuba Domadores’га қарши илк жанглар 13 май куни Тошкентда бўлиб ўтади. Жавоб беллашувлари орадан олти кун ўтиб — 19 май куни Кубада ташкил этилади.
Қизиқ томони, бир гуруҳда кураш олиб борганига қарамай, қозоғистоннинг Astana Arlans ва Россиянинг Patriot Boxing Team клублари чорак финалда яна тўқнаш келиб қолди.
Ярим финал йўлида Франция ва Британия боксчилари ўзаро рингга чиқса, сўнгги жуфтликни Италия ва Колумбия тўқнашуви ташкил қилган.
Изоҳ (0)