Россиянинг «Футбол» нашри журналисти Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедовдан интервью олди, деб ёзди «Championat.asia». Суҳбат ўзбек тилига таржима қилинди.
Нега Хитой, Франция эмас?
— Аксель Витсель Хитой клубидан таклиф тушгач, кечалари ухлай олмаган экан. «Шанхай СИПГ»га ўтиш олдидан сиз неча кун ухламагансиз?— Бу мен учун жуда қийин қарор эди. Чунки қишда «Краснодар»дан кетишим аниқ бўлиб улгурганди.— Нима бўлди?— Бош мураббий этиб Шалимов тайинлангач, бир неча ой деганда биз фақатгина бир бир марта суҳбатлашдик. У «Майдон марказида сенга жой йўқ. Имконсиз», деб айтди.
— Қандай тушунтирди?— Нима дейиш мумкин? Ҳар бир мураббийнинг футболга қараши бор. Унга майдон марказидаги ҳаракатларим маъқул келмагандир, балки. Шалимов қўл остида асосан қанотда ўйнадим ва кам фойда келтирдим. Мен эса марказий ярим ҳимоячиман. Қанотда фойдам икки баробар камайиб кетади. Суҳбатдан сўнг клубдан кетишга қарор қилдим. Чунки 2017 йилда ҳам «Краснодар»даги аҳволим ўзгармаслигига ишончим комил эди.
— Қишда БАА ва Саудия Арабистонидан ҳам таклиф бўлган экан...— Ҳа, араб клублари анчадан буён мени таъқиб қилади. Яна Франция чемпионатидан ҳам таклиф бўлганди.
— Аммо сиз пулни танладингиз-а?— Шунчаки французлар трансфер нархимни кўтара олишмади, «Шанхай» эса «Краснодар» сўраган пулни тўлай олди.
Пул энг муҳими эмас
— Оскар «Шанхай»да «Челси»дагидан беш баравар кўп маош олади. Сизнинг маошингиз қанчага кўпайди?— «Краснодар»дагидан бироз кўпроқ маош олаяпман. Аммо Хитойга пул учун борганим йўқ. Мен учун у ҳеч қачон биринчи ўринда бўлмаган. Биласизми, «Пахтакор»даги ойлигим қанча бўлган? 100 доллардан камроқ. Ҳозирги ёшлар бунча пул эвазига хатто машғулот ҳам ўтказмаса керак. Мен эса борим билан ўйнардим. Сабаби ўз олдимга мақсад қўйгандим: ўртамиёна эмас, энг яхши футболчи бўлиш. Йўлкирага аранг етарди пулим. Ҳозир эса ёшлар миллион топади. Унга қараб, ҳақиқатдан ҳам қобилиятли футболчи деб ўйлайсан. Икки йилдан сўнг у йўқ бўлиб қолади. Барчаси пул туфайли.— Сиз «Пахтакор» асосий таркибида Валерий Непомняший қўл остида дебют қилгансиз шекилли?— Ҳа, айнан у мени ўринбосарлар сафидан асосий таркибга қўшганди. Жуда савияли мураббий. Футболчиларни сўккани ёки бақирганини ҳеч қачон эшитмаганман. Барчасини оғир босқичлик билан тушунтиради — ҳамма тинглайди. Авторитет.
— Непомняший «Шанхай»га ўтганингизда «Афсуски, Одил Европага кетмади. У кўпроғига лойиқ», деганди.— Агар «Краснодар»да Валерий Кузмич бош мураббий бўлганида, ҳеч қаерга кетмасдим. Ҳозир Европа ҳақида гапиришдан маъно йўқ. Мен яқинда 30 га тўламан, Европа клублари эса ёш футболчини олишни истайди. Икки-уч йилдан сўнг хориждаги фаолиятимни тугатиб уйга қайтаман. Болаларим катта бўлмоқда, улар Ўзбекистонда ўқиши керак. Ота-онамни ҳам сўнгги йилларда кам кўрмоқдаман.
Виллаш-Боашга осон эмас
— Хитой чемпионатининг дастлабки учта туридан иккитасида сиз қайдномада ҳам йўқ эдингиз...— Барчаси лимит туфайли. Супер лигада ўйин қайдномасига фақат уч легионерни қўшиш мумкин. Қолганлар хатто захирада ҳам бўлмаслиги шарт. Шу сабаб у таркибни алмаштириб туришга мажбур. Битта ўйинда дам оламан – иккинчисида ўйнайман.— Агар олдиндан буни билганингизда Хитойга борармидингиз?— Агар Боаш олдинроқ лимит ҳақида билганида, кўп легионер таклиф қилмасди. Қарор жамоага беш легионер келиб бўлгач қабул қилинди. Нима ҳам қила олардик, аҳир буни мен ёки мураббий эмас, Хитой федерацияси ўйлаб топди. ОЧЛда эса «3+1» лимити амалда. Майдонга тўрт легионерни тушириш мумкин, улардан бири осиёлик бўлиши керак. Осиёлик футболчи айнан менман.
— Виллаш-Боаш нима демоқда?— «Таркибни алмаштириб туришга мажбурман», деди. Агар барчаси унга боғлиқ бўлганида, ҳамма легионерлар ўйнарди. У тўғри тушунтирди, мен эса шундай тушундим. Унинг қийналаётгани сезилмоқда, сабаби айнан у бизни жамоага таклиф қилган. Шахсан менга декабрь ойида қўнғироқ қилганди.
Мундиал учун имкониятимиз етарли
— Нима учун 1 миллиард 357 миллион аҳолига эга бўлган Хитойда умуман машҳур футболчи йўқ?— Яхши йигитлар бор, шунчаки улар хорижда ўйнамайди ва ҳеч ким танимайди. Агар Хитойнинг ўзида барча шароитлар яхши бўлса, бошқа мамлакатга кетишдан нима наф?— Агар яхши йигитлар бор бўлса, нима учун терма жамоа миқиёсида яхши ўйнай олишмаяпти?— Уларга яна 4-5 йил беринг — барчаси бўлади. Хитой футболи Халк ва Оскар каби юлдузлар эвазига кучаймоқда: маҳоратли футболчилар билан бирга машғулот ўтказиб, кучайиб бораверасан. Хитойлик футболчилар Голландия, Португалия ва Испания биринчи лигаларида ўйнашади. Бундан ташқари, Супер лиганинг ҳар бир клуби асосий таркибда 23 ёшга тўлмаган футболчини туширишга мажбур. Айнан шу йигитлар терма жамоанинг келажаги.
— Ҳозирча Хитойнинг ЖЧ—2018 га чиқа олмаслиги деярли аниқ. Улар октябрда Ўзбекистонга ютқазганди...— Нимага хайрон қоласиз? Бизда ҳам кучли жамоа бор. Бразилиядаги мундиалга фақат тўплар нисбатига кўра бора олмагандик: Корея саралашда биздан иккитагина кўпроқ гол урганди. Ҳозир яна иккинчи ўрин учун курашаяпмиз. Агар март ойида Сурияга ютқазмаганимизда, ҳозир тепада бўлардик.
— Ўйин Сурияда бўлмагандир?— Малайзияда ўйнадик. Томоша Куала-Лумпурда бошланди. Марказий стадионни сизларга бера олмаймиз дейишди. Икки соат йўл босиб, бошқа шаҳарга бордик. Арена — шунчаки даҳшат. Майдон умуман тайёр эмасди. Майса тагида тошлар бор эди. Ўша майдонда бир марта йиқилиб тушгандим, ҳалиям даволанаяпман. Бундан ташқари, ҳаво жуда ҳам дим эди. Жаҳон чемпионати учун йўлланма тақдири ҳал бўлаётганда бундай майдонда қандай ўйнаш мумкин?! Менимча, бу фақат Осиёда бўлса керак. Голгача ўйнадик ва қўшимча дақиқаларда пенальтидан гол ўтказиб юбордик.
— Гуруҳдаги учинчи ўрин тамом дегани эмасми?— Учинчи ўринни олган жамоа нариги гуруҳдаги учинчи жамоа билан ўйнайди. Айни пайтда бу Австралия. Жуфтлик ғолиби КОНКАКАФ минтақаси жамоаларидан бирига қарши тўп суради. Аммо Россияга тўғридан-тўғри йўлланма олсак яхши бўларди, бунинг учун яхши имкониятга эгамиз.
Хитойда палов
— Олдин Краснодар ва Москвадаги ресторанларда ошни яхши тайёрлай олмасликларини айтгандингиз. Хитойда қандай экан?— Бу ерда гуруч сифатли, аммо бизникига сира ўхшамайди. Яхши ошни фақат ўзбек гуручидан тайёрлаш мумкин.— Яхши паловсиз қандай яшаяпсиз?— Қандай қилиб паловсиз яшаш мумкин? Турмуш ўртоғим уни тайёрлаб туради. Шунчаки барча маҳсулотларни Ўзбекистондан олиб келамиз: гуруч, зираворлар. Яна Хитойда сариқ сабзи топиш муаммо, у ҳам паловда асосий маҳсулот.
— Яна нима етишмаяпти?— Хитой тилини билмаслигим. Ҳеч нима тушунмаяпман. Қолган барчаси жойида. Ажойиб мураббий, иноқ жамоа, мухлислар, замонавий стадионлар. Шанхай чиройли шаҳар экан, оиламга бу ер ёқди. Барчаси супер.
— «Краснодар» Россиядаги сўнгги клубим дегандингиз. Қайтмаслигингиз аниқми?— Қайтмайман! Хитойда 2-3 йил ўйнаб, уйга қайтаман. Вақти келди.
Изоҳ (0)