Испанияда истиқомат қилувчи 115 ёшли Ана Вела Европанинг энг кекса фуқаросига айланди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
15 апрель куни Италияда 117 ёшли Эмма Морано вафот этди ва шу сабабли 115 ёшли испан аёли Европанинг энг кекса одамига айланди. Ана Вела ўтган йилдан бери Испаниянинг энг кекса фуқароси ҳисобланиб келинаётган эди.
1901 йил 29 октябрда туғилган Ана Вела саломатлигининг ҳозирги ҳолати «заиф» деб баҳоланмоқда.
Ананинг 65 ёшли набираси Антонио бувисининг Испаниянинг энг кекса шахси номини қозонишини истаганини, бироқ бутун Европа бўйича энг кекса фуқаро бўлишини кутмаганини айтди.
Аёлнинг 89 ёшли қизи эса узоқ умр кўришнинг ҳеч қандай сири йўқлигини маълум қилди. «Овқат вақтида унга (Ана Велага) ярим бокал ярим ширин вино ичиш ёқади, лекин ҳеч қачон кўп ичмайди. Таомлардан ҳамма нарса — гўшт, балиқ, сабзавотларни истеъмол қилади. У мутлақо нормал уй парҳезига риоя қилади», — деди Ана Веланинг қизи.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)