15 апрель куни Юқори Чирчиқ тумани ҳокимлигида Паркент ва Юқори Чирчиқ туманлари аҳолиси учун ташкил этилган сайёр қабул бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
«Ҳудуд аҳолиси мурожаатларини таҳлил қилганимизда, уларнинг кўп қисми меҳнат ва бандлик, ишга жойлашиш масалаларидан иборат экани маълум бўлди, — деди Паркент тумани ҳокими Ўктам Алимов. — Белгиланган майдонларда токзорлар яратилганидан кейин, аниқроғи келгуси йили 9800 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Токзорлар тўлиқ ҳосилга киргандан кейин бу майдонларга 34 минг ишчи керак бўлади».
Паркент туманини жорий йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида 126 лойиҳа ишга туширилиши кўзда тутилган бўлиб, улардан 21 таси саноат, 23 таси хизмат кўрсатиш йўналишлари, қолгани қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга оид лойиҳалардир.
Сайёр қабулда ҳар икки туман аҳолисидан соғлиқни сақлаш масаласига оид 10 га яқин мурожаат бўлди. Уларнинг аксарияти жойида ҳал қилинди, қолганлари қатъий назоратга олинди.
«Паркент тумани Қорақалпоқ қишлоғидан келдим, — деди 77 ёшли онахон Анзират Маҳмудова. — Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига касалликдан азият чекаётганим, даволанай десам, моддий имкониятим йўқлигини айтиб мурожаат қилган эдим. Мана, кўрдингиз, бугуноқ касаллигим бўйича Тошкент шаҳридаги касалхоналардан бирига йўлланма беришди, хотиржам бўлдим».
Паркентлик Маҳзуна Абдумўминова Чўлқудуқ маҳалласидаги 10 сотихлик ташландиқ майдонда маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, «Гўзаллик салони» қуриш нияти борлигини айтди.
«Ер ажратиш, кредит олиш масаласида тегишли идораларга кўп мурожаат қилиб, ижобий жавоб ололмаган эдим, — деди М.Абдумўминова. — Мана туман ҳокимлиги ва тижорат банки мутасаддилари ўз тадбиркорлигимни бошлашим учун барча зарур шароитларни яратишга ваъда берди. Ер ажратиш масаласи уч кун ичида ҳал қилинадиган бўлди».
Юқори Чирчиқ тумани «Болта» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Турғунбой Пирматовнинг ўз яшаш манзили яқинидан ўтган серқатнов йўлга светофор ўрнатишларини сўраб қилган мурожаати туман ички ишлар идораси мутасаддилари томонидан қаноатлантирилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)