Эртага — 7 апрель куни теннис бўйича Ўзбекистон термаси Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳрида норасмий жаҳон чемпионати ҳисобланган Дэвис Кубоги доирасида мезбонларга қарши ўйин ўтказади, деб ёзди «Оламспорт».
Бугун — 6 апрель санасида беллашувларга қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Бешта ўйиндан иборат учрашувлар 7—9 апрель кунлари ўтказилади.
Маълум бўлишича, ўзбекистонликлар сафида йўқотиш бор. Мамлакатнинг биринчи ракеткаси Денис Истомин жароҳати сабаб ҳиндистонлик теннисчиларга қарши учрашувда жамоасига ёрдам бера олмайди.
Айни пайтда Истомин Тошкентда бўлиб турибди. Унинг товон қисми жиддийроқ жароҳатлангани айтилган. Терма жамоа бош мураббийи Пётр Лебедь сўнгги кунгача Истоминнинг ўйнай олишига умид қилган. Аммо, шифокорлар Денисга рухсат бермаган.
Бангалор кортларида Ўзбекистон номидан уч нафар теннисчи кортга чиқади: Санжар Файзиев, Темур Исмоилов ва Жўрабек Каримов.
Маълумот учун, Ўзбекистон термаси аввалги босқичда Жанубий Кореяни таслим қилган бўлиб, ўшанда Истомин икки ўйинда ғолиб чиққан, жуфтлик баҳсларида ҳам жамоасига ёрдам бериб, уни кейинги босқичга олиб чиққанди.
Изоҳ (0)