«Агробанк» акциядорлик тижорат банки «2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширилиши зарур бўлган устувор вазифаларни йил бошида қатъий белгилаб олган эди. Унга кўра 2017 йилда мамлакатда хусусий тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, аҳолининг банкка нисбатан ишончини ошириш ҳамда янги иш ўринлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга ошириладиган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланганди.
Ушбу дастур асосида «Оддий аҳолини тадбиркор қилиш» шиори остида аҳолини соҳага янада кенгроқ жалб қилиш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш, ташкилий ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида банк томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, «Агробанк» АTB томонидан аҳолини тадбиркорлик турларига кенг жалб қилиш, айниқса, шахсий томорқалардан самарали фойдаланишини ташкил этиш мақсадида ўтган фурсатда республиканинг барча ҳудудларидаги 1 миллион 300 мингдан зиёд хонадон қамраб олинди.
Бунинг учун аҳоли билан мулоқотларни сифатли ташкил этишга қаратилган махсус жадвал ишлаб чиқилган бўлиб, шу асосда қишлоқ ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда жойларда учрашувлар бўлиб ўтди. Эркин мулоқот тарзида ташкил этилган бундай учрашувларда бугун тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида мамлакатда бошланган янги босқичдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, тадбиркорликдан келадиган давлат ҳамда халқ манфаатлари хусусида батафсил тушунча ва маълумотлар берилди.
Бундан ташқари, ҳар бир хонадонга банк томонидан мактублар йўлланди. Унда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳамда аҳолининг тадбиркорликка бўлган қизиқишларини аниқлашга қаратилган махсус сўровномалар ҳам юборилди.
Банк ходимлари ҳар бир хонадонга кириб, уларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиш бўйича имконият ва шароитларини ўрганди, махсус сўровлар ҳам ўтказди. Бундан ташқари, аҳолининг соҳага қизиқишини орттириш ҳамда бу жараёнлардан хабардорлигини янада ошириш мақсадида махсус буклет шаклидаги намунавий бизнес лойиҳалар тарқатилди. Банкнинг имтиёзли кредитлаш тартиботлари, бу борадаги бошқа йўл-йўриқ ва меъёрий ҳужжатлардан иборат тадбиркорлик бурчаклари лойиҳалари жойларга етказилди. Шу асосда фуқаролар йиғинлари ва банк биноларида махсус тадбиркорлик бурчаклари ташкил этилди.
Бу жараёнларда туман, қолаверса, фуқаролар йиғинлари жойлашган ҳудуднинг имкониятларига ҳам эътибор қаратилмоқда. Бу эса намунавий шакллар асосида бизнес лойиҳаларни таклиф этиш, аҳолининг ишбилармонлик фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорлик турларига йўналтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бунда албатта, ҳудуднинг хом ашёси ва меҳнат ресурслари, маҳаллий анъаналарига эътибор қаратилаётгани ҳам ижобий самарадорликка сабаб бўлмоқда.
Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган ва кредитга талаби бор оила вакилларининг бизнес лойиҳалари банк филиаллари томонидан қисқа муддатларда ўрганилиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришда яқиндан кўмак берилмоқда. Тизимли тартиб асосида кредит ажратиш жараёнини ҳар бир кредитлаш тармоқ бошқармалари томонидан мунтазам кунлик мониторинг қилиб борилмоқда.
Бундай саъй-ҳаракатларнинг самараси ўлароқ ўтган қисқа фурсат давомида аҳоли пунктлари ва мавзеларида ўтказилган сўровлар натижасида аҳолининг асосий қисми тадбиркорликнинг у ёки бу тури, айниқса, боғдорчилик, чорвачилик, ихчам иссиқхона, паррандачилик, ҳунармандлик, касаначилик, хизмат кўрсатиш, сервис ва бошқа соҳалар билан шуғулланиш истагини билдирган. Шу асосда кредитлаш мунтазам давом этмоқда.
Шу кунга қадар банк томонидан қарийб 37 минг нафар тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган фуқарога жами 242 миллиардга яқин кредитлар ажратилди.
«Бугун ҳар бир кишидан бироз ҳафсала ва ҳааракатчанлик бўлса бас. Барча шароит ва имкониятлар асосида ўз бизнесини бошлаш имконияти мавжуд. Мен ҳам бугун юртимизда бошланган янги ислоҳотлардан илҳомланиб, бизнес бошлашга қарор қилдим. Ўйлаб кўрсам бекор ётган қўшимча томорқамда боғдорчиликни ривожлантириш имкониятим мавжуд экан. Боғ бўлганда ҳам бозорда харидоргир меванинг кўчатларини экишни ният қилдим. Бундай кузацам, ҳудудимизда бодом деярли етиштирилмас экан. Шунинг учун ушбу мевани кўпайтиришга қарор қилдим. Бироқ кўчат харид қилишга маблағим етмасди. 400 туп бодом кўчати сотиб олиш учун Агробанкка мурожаат қилдим. Банк мутасаддилари қисқа фурсатда мурожаатимни ўрганиб, менга 7 миллион сўм кредит ажратишди. Ер амал олгач кўчатларни олиб келиб экамиз», — дейди Андижон вилоятининг Хўжаобод туманилик Жаҳонгир Иномов.
Самарқанд вилояти Жомбой туманида яқинда иш бошлаган «Сарчашма ишонч» оилавий корхонаси ҳам бугунги ислоҳотлар самарасидир. Ушбу оилавий корхонага банк томонидан маиший хизмат кўрсатишни ташкил қилиш мақсадида 100 миллион сўм кредит ажратилди. Натижада бешта иш ўрни яратилди.
Сирдарёлик Наргиза Абдуқаҳҳорова банкнинг Ширин филиалидан 7,4 миллион сўм кредит олиб, миллий ширинлик маҳсулотлари тайёрлаш ва сотишни йўлга қўйди.
«Банк ходимлари уйимизга келиб, тадбиркорлик билан шуғулланишни таклиф қилишганида, аввалига унчалик ҳам хоҳламадим. Агробанк мутахассислари ҳовлимиздаги шароит билан танишгач, бу ерда ихчам иссиқхона ташкил этиш мумкинлигини ва бунинг ортидан олинадиган даромад ҳақида ҳам эринмай тушунтиришди. Шундан кейин ҳовлимизда ихчам иссиқхона ташкил этишга қарор қилдик. Шу мақсадда Агробанкнинг Поп филиалидан 2,9 миллион сўм кредит олдик. Кунлар илий бошлагач ишларни бошлаб юбордик. Иссиқхонага лимон экмоқчимиз. Бунга қўшимча камида 50 та товуқ боқишни режалаганмиз. Бунинг сабаби бор, албатта. Қиш кунлари товуқлар ана шу иссиқхонада сақланса, паррандалар танасидан чиқаётган иссиқлик бу ердаги илиқ ҳароратни бир меъёрда ушлаб турар экан. Иссиқхонани иситиш учун ортиқча харажатга ҳожат қолмас экан. Бу ҳақда ҳам банк мутахассислари тушунтириб беришди», — дейди наманганлик Юлдузой Бўтаева.
Банкдан кредит олиб, ўз бизнесини йўлга қўяётган бу каби фуқаролар сафи кун сайин кенгайиб бормоқда. Энг муҳими халқимизда тадбиркорликка бўлган қизиқиш ва бу соҳанинг келажагига бўлган ишонч ортмоқда.
Хулоса қилиб айтганда Агробанк ўз олдига қўйган режаларини босқичма-босқич амалга оширмоқда. Мақсад эса битта, у ҳам бўлса, халқимиз ҳаётини янада яхшилаш, бунинг учун эса уларни қўшимча даромад манбаларидан фойдаланишга ўргатиш ва шу орқали юрт фаровонлигини таъминлашдир.
Реклама ҳуқуқи асосида
Изоҳ (0)