Францияда бўлиб турган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация 29 март куни Париж шаҳрида Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) бош директори Реми Риу билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашувда 2016 йил сўнгида имзоланган Ўзбекистонда Франция тараққиёт агентлиги ва PROPARCO институтини ташкил этиш ва унинг фаолияти тўғрисидаги Ҳукуматлараро битим савдо-иқтисодий ва инвестицион соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилгани мамнуният билан қайд этилди.
«ФТА делегациясининг Ўзбекистонга амалга оширган кейинги ташрифи доирасида умумий қиймати 31,5 миллион еврога тенг ‘Самарқанд вилоятида қаттиқ маиший чиқиндилардан фойдаланиш тизимини жорий қилиш’ лойиҳаси Франция томонидан молиялаштирилиши тўғрисида қарорлар қабул қилинди», — дейилади ТИВ ахборотида.
Суҳбат давомида ФТАнинг Ўзбекистондаги ижтимоий муҳим қўшма лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишидан икки томон ҳам манфаатдорлиги тасдиқланди.
Аввалроқ Абдулазиз Комилов Франциянинг MEDEF International ташкилоти раҳбари билан учрашгани ҳақида хабар берилган эди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)