1923 йилдан бугунги кунгача дунёда 540 дан ортиқ авиаҳалокат юз берган. Ҳалокатларнинг сабаблари турлича бўлиб, улар қаторидан ёмон об-ҳаводан тортиб терактлар ҳам жой олган. Қарийб юз йил ичида юз берган самолётлар ҳалокати натижасида 53 мингдан ортиқ инсон қурбон бўлган. «Коммерсантъ» яқин ўтмишда юз берган энг йирик авиаҳалокатларга эътибор қаратди.
1985 йил 23 июнда Air-India компаниясига қарашли Boeing 747-237B самолёти ҳалокатга учраган. Ҳаво кемаси Бомбей — Деҳли — Франкфурт-Майн — Торонто — Монреаль йўналишида парвоз қилаётган эди. Самолётнинг юкхонасига ўрнатилган бомба Boeing Атлантика океани устидан учиб ўтаётган вақтда портлаган.
Ҳалокат Boeing-747 да юз берган биринчи ва Канададаги энг йирик теракт бўлган. Ҳалокат оқибатида 329 киши ҳалок бўлган.
1977 йил 27 мартда Канар оролларининг Тенерифе шаҳридаги Лос-Родеос аэропортида икки Boeing-747 самолёти тўқнашиб кетган. Инсон омили туфайли юз берган бахтсиз ҳодиса авиация тарихида қурбонлар сони бўйича энг йирик ҳалокат ҳисобланади. Авиаҳалокат натижасида 583 киши қурбон бўлган.
Ҳалокатдан бироз олдин «Канар ороллари автономияси ва мустақиллиги учун ҳаракат» жангарилар гуруҳи Лас-Пальмас аэропортининг кутиш залида бомба портлатган. Аэропорт Лос-Родеос аэропортидан 100 км узоқликда жойлашган бўлиб, бомба портлагандан сўнг барча рейслар Лос-Родеос аэропортига йўналтирилган эди.
1985 йил 12 августда Япониянинг Гумма префектурасида Japan Airlines авиакомпаниясига тегишли Boeing-747SR ҳаво кемаси ҳалокатга учради. Атиги 4 киши омон қолган, 520 киши, шу жумладан, экипажнинг барча аъзолари ҳалок бўлган.
Самолёт Ханеда аэропортидан ҳавога кўтарилганидан 12 дақиқа ўтиб бошқарувни йўқотган ва аэропортдан 88 километр узоқликда жойлашган Оцутака тоғига бориб урилган. Самолёт қулагандан сўнг ёнғин юз берган ва у 14 соат давомида қутқарувчиларга ҳалокат жойига яқинлашишга имкон бермаган. Техник кўрикни керакли даражада ўтказмагани учун авиакомпания ҳалокатда айбдор деб топилган.
1974 йил 3 мартда Париж яқинидаги Эрменонвиль аҳоли пунктида Turkish Airlines авиакомпаниясига қарашли Истанбул — Париж — Лондон йўналишида учаётган McDonnell Douglas DC-10-10 самолёти қулади. Самолёт бортида бўлган 346 кишининг барчаси ҳалок бўлган.
Ҳалокатга самолётдаги техник носозлик, аниқроғи самолёт юкхонаси эшикларининг қулф тизимидаги носозлик сабаб бўлган. Уч километр баландликда босимлар ўртасидаги фарқ сабабли юкхона эшиги очилиб кетган ва бошқарув тизимининг издан чиқишига олиб келган. Самолёт катта тезликда тумшуғи билан ерга урилган. Ҳалокат шу кунгача Франция тарихидаги энг йирик авиаҳалокат бўлиб қолмоқда.
1996 йил 12 ноябрда Деҳли осмонида Саудия Арабистонига учиб кетаётган Boeing-747 ва Қозоғистондан учиб келаётган Ил-76 ТД чартер самолёти тўқнашган ва кучли портлаш юз берган. 349 киши ҳалок бўлган.
Ҳалокат сабаблари шу кунгача аниқланмаган. Ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги ҳавода жон берган. Самолёт бўлаклари тушган қишлоқ аҳолисидан ҳеч ким жабрланмаган. Йўлнинг йўқлиги сабабли қутқарув хизмати, шифокорлар ва ўт ўчирувчилар бир неча соатдан кейин ҳалокат жойига етиб борган. Бу вақт ичида ҳалокат жойига йиғилган маҳаллий аҳоли қурбон бўлганларнинг шахсий буюмларини ўғирлаб кетишга улгурган.
1988 йил 3 июлда Эроннинг Бандар-Аббос шаҳридан БААнинг Дубай шаҳрига учаётган Airbus A300B2-203 самолётини Форс кўрфази устида АҚШ ҳарбий денгиз кучлари томонидан учирилган ракета уриб туширган. 290 киши, шу жумладан, 66 нафар ёш бола ҳалок бўлган. АҚШ ҳарбий денгиз кучлари ҳалокатни хато туфайли юз берган деб изоҳлаган.
1979 йил 25 майда Чикагодан Лос-Анжелесга парвоз қилаётган McDonnell Douglas DC-10-10 самолёти қулаган. 273 киши қурбон бўлган.
Ҳалокатга самолётдаги техник носозлик сабаб бўлган — ҳавога кўтарилиш вақтида чап двигатель гидротизимлардан бирини ишдан чиқарган ва чап қанотга зарар етказган. Нима бўлаётганини тушунмаган экипаж йўриқнома бўйича ҳаракатни давом эттирган ва Чикаго яқинида қулаган.
2003 йил 19 февралда Эроннинг Кермон шаҳри яқинида бортида Ислом инқилоби соқчилар корпусининг жангчилари бўлган Ил-76МД самолёти қулади. 275 киши ҳалок бўлган. Ҳалокатга ноқулай об-ҳаво сабаб бўлган.
2001 йил 12 ноябрда Нью-Йорк — Санто-Доминго йўналишида парвоз қилаётган Airbus A300 лайнери ҳалокатга учради. Самолёт Квинс шаҳри атрофидаги аҳоли яшаш пунктига қулаган ва 265 киши қурбон бўлган.
Ҳалокат сабабларидан бири сифатида теракт кўрсатилган бўлса ҳам, самолёт бироз аввалроқ учиб ўтган Boeing-747 ҳаво кемасининг ҳаво оқимига тушиб қолиши натижасида қулаган деб топилган. Учувчи нима бўлаётганини тушунмасдан нотўғри ҳаракат қилган.
2014 йил 17 июлда Амстердам — Куала-Лумпур йўналишида учаётган Malaysia Airlines компаниясига қарашли Boeing-777 ҳаво кемаси Донецк шаҳри яқинида уриб туширилган. Самолёт бортида бўлган 298 кишининг барчаси ҳалок бўлган.
2015 йил 31 октябрда бортида 224 киши бўлган «Когалимавиа» компаниясига тегишли A321 самолёти теракт натижасида қулаган. Экспертлар томонидан аниқланишича, лайнер бортида бомба портлаган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)