Кеча — 23 март куни Россия—2018 мундиали учун кураш олиб бораётган Осиё мамлакатлари ҳал қилувчи саралашнинг 6-тур ўйинларида майдонга тушди.
ОФК аъзосига айланганидан сўнг мундиал чиптасини узлуксиз қўлга киритиб келаётган Австралия терма жамоасининг аҳволи бироз оғирлашди. Мазкур турни Ироққа қарши ўтказган «соккероуз» 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.
Бу Австралия учун кетма-кет тўртинчи дуранг бўлди. Яшил қитъа термаси аввалроқ Саудия ва Таиландга қарши сафар ўйинларини бир хилда — 2:2 ҳисобида якунлаган бўлса, ўз майдонида Японияни енга олмаганди — 1:1. Шу тариқа Осиёнинг амалдаги чемпиони Россия мундиалидан нисбатан узоқлашди.
Чунки у билан рақобат олиб бораётган Япония ҳамда Саудия Арабистони термалари сафарда тўп суришига қарамай, ишончли ғалабаларни қўлга киритди.
БАА термаси саралашни сенсацион ғалаба билан бошлаб, Япониядан 3 очко олиб қайтганди. Жавоб ўйинида кунчиқар юрт термаси бунинг учун ўч олди — 2:0. 1:2 ҳисобидаги илк турдаги мағлубият ва Австралия билан дурангни инобатга олмаса, қолган барча беллашувлар японияликларнинг ғалабаси билан якунига етган.
Саудия Арабистони термаси эса саралашдаги иккинчи йирик ғалабасини қўлга киритди. Аввалроқ БАА устидан 3:0 ҳисобида зафар қучган жамоа, энди Таиландни шу ҳисобда таслим қила олди.
Саудияликлар Австралия билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган ва Японияда имкониятни бой берган — 1:2.
ЖЧ—2018. Саралаш «B» гуруҳи. 6-тур 23 март, пайшанба
Ироқ — Австралия 1:1
Голлар: Мэтью Леки, 40 (0:1). Аҳмад Ёсин, 76 (1:1).Таиланд — Саудия Арабистони 0:3
Голлар: Муҳаммад Аш-Шаҳлавий, 26 (0:1). Танабоон Кесарат, 84-авт (0:2). Салмон Ал-Мувашар, 90+2 (0:3).БАА — Япония 0:2
Голлар: Кубо, 13 (0:1). Конно, 51 (0:2).7-тур беллашувлари 28 март куни бўлиб ўтади: Австралия — БАА, Япония — Таиланд, Саудия — Ироқ.
Изоҳ (0)