Apple корпорацияси iPhone ва iPad’ни ноутбукка айлантириш имконини тақдим этадиган икки аксессуар патенти учун ариза берди. Ҳужжат АҚШнинг патентлар ва савдо белгилари бўйича бюроси сайтида эълон қилинган.
Аксессуарлар iOS-қурилмалар учун мўлжалланган тутқичдан иборат. Дастлабки ҳолатда iPad экран вазифасини ўтайди ва унга трекпадли клавиатура уланади. Иккинчи аксессуар эса ўз дисплейи билан таъминланган бўлиб, iPhone’га мўлжалланган ҳамда трекпад ролини бажаради.
Ҳужжатда қайд этилишича, қурилма тўлақонли ноутбукнинг таркибий қисми ҳисобланган видеокарта, портлар ва бошқа атрибутларга эга бўлиши мумкин. Бироқ унинг ишлаши учун процессор вазифасини ўтаб берадиган iOS-девайс керак бўлади.
2015 йил охирида Apple раҳбари Тим Кук iPad’ни MacBook билан бирлаштириб юбориш ғоясини танқид остига олган эди. Унинг фикрича, бундай қурилма фақат истеъмол тажрибасини бузади, шу сабабли ҳам компания бундай гаджетни тайёрлашдан манфаатдор эмас. Бунинг ўрнига компания iPad Pro планшетини ноутбук ўринбосари сифатида талқин этади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)