Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян яна бир ярим соатдан сўнг Сурияга қарши майдонга тушадиган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бошланғич таркибини эълон қилди.
Бабаян таркибидан ва ниҳоят ҳужумчи Игорь Сергеев жой олмади. У саралашнинг ҳал қилувчи босқичида 5 та ўйинда майдонга тушиб, битта ҳам гол урмаганди. Сурияга қарши унинг ўрнида Қатар чемпионатидаги 6 та ўйинда 4 та гол урган Темурхўжа Абдухолиқов тўп суради. Аввалроқ Самвел Бабаян мазкур ҳужумчини терма жамоа принципларига тўғри келмайди, деб ҳисоблаганди.
Жароҳати сабаб Малайзияга етиб кела олмаган Виталий Денисовнинг ўрнини Ислом Тўхтахўжаев эгаллади. У аслида марказий ҳимоячи бўлиб, «Локомотив»да ҳам шу позицияда тўп суради. Самвел Бабаян Исломни терманинг ўнг қанотида ўйнаётганди, энди эса чап қанотга кўчириб ўтқазди. Футболчи Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида қачон ўз позициясида тўп суриши аниқ эмас.
Ҳимоя маркази одатга кўра Анзур Исмоилов ва Егор Кримецга ишониб топширилди. Қайд этиш керак, март ойида старт олган Хитой Супер лигасида Кримец бир марта ҳам қайдномага киритилмади ва расмий ўйинларда иштирок этмади. Унда ўйин амалиёти яхши формада эмас.
Майдон марказидаги учлик ўзгармади: Одил Аҳмедов, Азиз Ҳайдаров ва Сервер Жепаров. Жароҳатланган Элдор Шомуродовни «Локомотив»да тўп сураётган Жалолиддин Машарипов алмаштирган. Унга жамоадоши Марат Бикмаев кўмак беради.
Қатар Юлдузлар лигасининг етакчи футболчиларидан бири бўлиб турган ва 12 та гол билан тўпурарлар орасида бораётган Сардор Рашидов захирада қолдирилган.
Изоҳ (0)