Европа Чемпионлар лигасининг нимчорак финалидан ўрин олган «Барселона» — «ПСЖ» ўйини борасидаги муҳокамалар ҳозир ҳам тўхтамаган. Каталония клубининг фантастик ишни амалга оширганидан тортиб, унга бу борада ҳакамлар ёрдам берганигача катта мавзуга айланиб кетган.
«Газета.ru»нинг Yahoo! Sports’га асосланиб маълум қилишича, ўйин натижаси габонлик 18 ёшли йигитни якунда қотилга айлантирди. «ПСЖ» клубига мухлислик қилувчи йигитнинг фиғони фалакка етиб турган бир вақтда дўстининг ҳазиллари унга ортиқчалик қилди. Унинг сўнгги қарори мазаҳ қилишдан тўхтамаётган дўстнинг бўйнига зарба бериш бўлди.
Маълум қилинишича, жабрланувчи шифохонага етиш арафасида оламдан кўз юмган. Қотил эса ҳибсга олинган. Унинг қайд этишича, хаёлида дўстини ўлдириш фикри бўлмаган. Шунчаки алкоголь таъсирида қандай ишга қўл урганини тушунмай қолган.
Sport.es нашри эса Серхи Роберто томонидан урилган ҳал қилувчи гол Каталониядаги кичик зилзилага сабаб бўлгани ҳақида ёзди. Микро ер қимирлаши шаҳар аҳолисининг қувончи, ҳайқириғи ва тинмай депсинишидан кейин кузатилган.
«Камп Ноу» стадионидан у қадар узоқ бўлмаган жойда Жауме Алмера тадқиқот институти жойлашган бўлиб, унинг сейсмограф ходимлари микро ер силкинишларини аниқлаган. Баъзида бундай силкинишларга одамларнинг ўзи сабабчи бўлади. Бундай типдаги зилзиланинг энг юқори чўққиси эса «Барселона» иштирокидаги ўйиндан кейин содир бўлди.
Рихтер шкаласи бўйича бир магнитудага яқин бўлган силкинишни одамлар табиийки, сезмайди. Бироқ шкала кўрсаткичлари сейсмостанцияларда ўз асоратларини қолдиради.
Изоҳ (0)