Хитой Супер лигасида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг уч нафар футболчиси тўп суради: Анзур Исмоилов, Егор Кримец ва Одил Аҳмедов.
Бугун — 4 март куни Хитойнинг олти клуби Супер лиганинг 2017 йилги мавсумини бошлаб беради. Аҳамиятли томони, ўзбекистонлик футболчилар хизматидан фойдаланаётган икки клуб илк турдаёқ ўзаро тўқнаш келади.
Тошкент вақти билан 16:35 да «Шанхай СИПГ» ўз майдонида «Чанчун Ятай» клубини қабул қилади. Мезбонлар сафида Одил Аҳмедовнинг майдонга тушиши сўроқ остида. Сир эмаски, Супер лига регламентига кўра майдонда уч нафар хорижлик футболчи ҳаракат қилиши мумкин. Шанхайликларда эса легионерлар сони 5 нафар: Халк, Оскар, Элкесен, Карвалью ҳамда Аҳмедов. Бош мураббий Андре Виллаш-Боаш бу борада қийин танловда қолган.
Маълумот учун, «Шанхай СИПГ» янги мавсум ҳисобидан 3 та халқаро ўйин ўтказиб, уларнинг барчасида зафар қучишга муваффақ бўлди. Чемпионлар лигасининг плей-оффида Таиланд клуби дарвозасига жавобсиз 3 та гол урган жамоа, гуруҳ босқичида «Сеул»ни сафарда 1:0, «Вестрн Сидней»ни Шанхайда 5:1 ҳисобларида мағлуб эта олди. Аҳмедов уларнинг барчасида тўлиқ ҳаракат қилганди.
Изоҳ (0)