Россия президенти Владимир Путин Тожикистонга ташрифи вақтида президент Эмомали Раҳмонни Александр Невский ордени билан тақдирлади. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар бермоқда.
Россия раҳбари, шунингдек, Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Асловни ҳам Дўстлик ордени билан мукофотлади.
Путин Тожикистон раҳбарига орденни топширар экан, Эмомали Раҳмонга икки давлат ўртасидаги муносабатларни яхшилаш мақсадида амалга ошираётган ҳар бир иши учун миннатдорчилик билдирди.
Ташқи ишлар вазири тақдирланаётган вақтда Россия етакчиси икки мамлакатнинг халқаро аренадаги яқин ҳамкорлиги ҳамда кўплаб халқаро масалалар бўйича позицияларнинг мос тушишини қайд этди.
Бундан ташқари, Владимир Путин Эмомали Раҳмонга ташкил этилган учрашув учун миннатдорчилик билдириб, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев саломини етказди. Путин Қозоғистон президенти билан бир неча соат олдин Олмаoтада учрашган эди.
Маълумот ўрнида, жорий йилда Россия ва Тожикистон дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигини нишонламоқда.
Февраль ойининг бошида Санкт-Петербург ва Новосибирскда Тожикистоннинг Бош консуллиги очилди.