Бухоро вилояти ҳокимининг «Ипак ва зираворлар фестивалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Бухоро вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу ҳужжатга асосан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят бошқармаси, «Ҳунарманд» уюшмаси вилоят бошқармаси, вилоят ҳокимлиги маданият ва спорт ишлари бошқармаси, Бухоро давлат университети ва «Бухоро мероси» илмий-тадқиқот марказининг жорий йил 26—28 май кунлари вилоят марказида XVI анъанавий «Ипак ва зираворлар» фестивалини ўтказиш ҳамда мазкур фестиваль жамғармасини ташкил этиш ҳақидаги таклифлари маъқулланди.
Фестиваль доирасида «Бухоро туристик эркин иқтисодий ҳудудини яратиш имкониятлари ва ривожланиш истиқболлари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш белгиланди.
Мазкур қарорга мувофиқ «Ипак ва зираворлар» фестивалининг доимий ишловчи ташкилий қўмитаси таркиби ва фестиваль доирасида ўтказиладиган тадбирлар концепцияси тасдиқланди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)