Европа Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва Испания Ла лигаси ўйинларини Ўзбекистон ҳудудида трансляция қилиш ҳуқуқини сотиб олган UzReport телеканали 22 февраль — чоршанба куни бу имкониятидан тўлиқ фойдаланади.
Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клуби Европа лигасининг «Сент-Этьен»га қарши жавоб учрашувини 22 февраль куни Тошкент вақти билан 22:00 да бошлайди. UzReport ўйиндан жонли трансляция қилади.
Испания Ла лигасида пешқадам бўлиб турган Мадриднинг «Реал» клуби рақобатчиларидан иккита кам ўйинда майдонга тушган. Эртага «Қироллик клуби» шуларнинг биттасини «Валенсия»га қарши ўтказади. Беллашув 22:45 да старт олади. Шундан келиб чиқиб, «МЮ» иштирокидаги ўйиннинг биринчи бўлими якунига етиши билан UzReport «Месталя» стадионига уланади.
Франциядаги тўқнашувда иккинчи бўлим бошланиши билан UzReport «МЮ»га қайтади, «Реал» иштирокидаги ўйиннинг хавфли вазиятлари, голлари ва бошқа кулминацияларини ўртада телемост шаклида кўрсатади. Шундан кейин «Валенсия» — «Реал Мадрид» ўйинининг иккинчи бўлими тўлиқ олиб берилади.
Соат 00:45 дан бошлаб эса UzReport эътиборини Европа Чемпионлар лигасига қаратади ҳамда «Порту» — «Ювентус» тўқнашувини эфирга узатишни бошлайди. Бу ҳақда телеканалнинг «Спорт» студияси бош муҳаррири Ёқубжон Бобожонов ўзининг Twitter аккаунтида айтиб ўтган.
Изоҳ (0)