Гўзал Монакода нуфузли Laureus Awards дунёнинг энг кучли спортчиларини йиғиб, 2016 йил якунларига кўра энг яхшиларни аниқлади. Унга кўра, ямайкалик енгил атлетикачи Усейн Болт ҳамда америкалик гимнастикачи Симона Байлз энг яхшилар қаторида эътироф этилди.
30 ёшли Болтга йилнинг энг яхшиси бўлиш учун америкалик баскетболчилар — Стефан Карри ва ЛеБрон Жеймс, британиялик атлет Мо Фара ва шу ўлкадан бўлган теннисчи Энди Маррей, португалиялик футболчи Криштиану Роналду рақобатчилик қилганди.
Рио—2016 Олимпиадасида ўз ҳисобига 4 та олтин ва 1 та бронза медалини ёзиб қўйган 19 ёшли Симона Байлз барчанинг олқиши билан йил якунларига кўра жаҳоннинг энг яхши аёл спортчиси учун аталган совринни қабул қилиб олди. Унга бу борада дунёнинг иккинчи ракеткаси — германиялик Анжелика Кербер, Рио Олимпиадаси чемпионлари — британиялик велоспортчи Лора Тротт, америкалик атлет Эллисон Феликс, ямайкалик енгил атлетикачи Элейн Томпсон, сузиш баҳсларида Олимпиаданинг тўрт карра ғолибаси америкалик Кети Ледеки рақобат ҳосил қилди.
«Оламспорт» маълумотига кўра, турли номинацияларда Формула-1 пойгачиси Нико Росберг, Англия чемпиони «Лестер», «Чикаго Кабс» бейсбол клуби ҳам ғолиблар қаторида эътироф этилган.
Изоҳ (0)