Тошкент давлат циркида ўзбек цирк санъатининг машҳур вакили, Ўзбекистон ва Россия халқ артисти Тошканбой Эгамбердиев таваллудининг 150 йиллигига бағишланган томоша бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги.
Тадбирда турли даврларда Тошканбоевлар сулоласининг вакиллари билан яқин муносабатда бўлган Фаррух Зокиров, Козим Қаюмов, Зариповлар сулоласидан Республика эстрада-цирк коллежи директори Карима Зарипова ва бошқалар Тошканбоевлар сулоласининг ҳозирги етакчиси Олимжон Тошканбоев устозлигидаги сулола вакилларини юбилей сана билан самимий муборакбод этди.
Тадбирда Тошканбой Эгамбердиевнинг ўзбек цирки ривожига қўшган ҳиссаси, давомчиларининг санъати ҳақида ҳикоя қилиб берувчи ҳужжатли фильм ҳамда уларнинг фаолиятини ёритувчи суратлар кўргазмаси ҳам намойиш этилди.
Маълумот ўрнида, Тошканбоевлар сулоласи вакиллари ўз санъатини Европа, Осиё, Америка ва Африканинг 30 дан ортиқ мамлакатида намойиш этиб келмоқда.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)