Москва шаҳрида «Продэкспо–2017» озиқ-овқат маҳсулотлари халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон компания ва корхоналари ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан қатнашди, деб ёзади ЎзА.
Халқаро кўргазмада МДҲ давлатлари, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Туркия, Хитой, Жанубий Корея ва Эрон каби 50 дан ортиқ мамлакатдан 2 мингдан зиёд иштирокчи ўз маҳсулотлари билан қатнашди, 29 мамлакатнинг миллий экспозицияси ташкил қилинди. Дунёнинг 40 га яқин мамлакатидан меҳмонлар ташриф буюрди.
Ўзбекистон ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа кўплаб мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дунёдаги ўнта етакчи давлат қаторида туради. Қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган изчил ишлар самарасида 180 турдан зиёд мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар дунё бозорларига экспорт қилинмоқда. Сўнгги уч йилда ташқи бозорга йўналтирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми уч баробардан ошди.
«Продэкспо–2017» форумида озиқ-овқат маҳсулотлари, уларни етиштириш ва қайта ишлашга оид энг сўнгги ютуқлар намойиш этилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан маълум қилишларича, мазкур халқаро кўргазмада ўзбекистонлик тадбиркорлар томонидан 64 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт шартномалари имзоланди. Кўргазма иштирокчилари Ўзбекистон миллий стендида мамлакатнинг озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасидаги салоҳияти ва имкониятлари, соҳада таклиф этилаётган хизматлар билан танишди.
24-халқаро озиқ-овқат кўргазмасида «Ўзагроэкспорт» АЖ, «Интер Сок», «Мавис», «Тиллахон», Hydrolife Agro Eco каби ўнга яқин компания ўз маҳсулотларини намойиш қилди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)