Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида иштирок этадиган Тошкентнинг «Локомотив» клуби яқин кунлар ичида «Пахтакор»дан Жалолиддин Машариповни олиб келиши мумкин. Бу ҳақда «Championat.asia» нашри маълумот берди.
«Пахтакор» академияси тарбияланувчиси бўлган футболчининг трансфери ҳақида расмий манбалар хабар бермаган бўлмаса-да, ижтимоий тармоқларнинг Ўзбекистон футболига бефарқ бўлмаган аудиторияси бу ҳақда ёза бошлади. «Championat.asia» тахминига кўра, «Локомотив» Машариповни бир йиллик ижара асосида ўйнатиши ҳам мумкин. Ярим ҳимоячининг «пахтакорчилар» билан амалда бўлган 2 йиллик шартномаси мавжуд.
Жалолиддин Машарипов 2016 йилги мавсумнинг энг яхши футболчиларидан бўла олди. У тўп сурадиган «Пахтакор» мавсумни 5-ўринда якунлаганига қарамай, энг яхши футболчилар учун овоз беришда Машарипов Олий лигада 22 та гол урган Темурхўжа Абдухолиқовдан кейин 2-ўринга жойлашганди.
Жумладан, Олий лига мураббийлари ва футболчилари ўртасида ўтказилган сўровномада чемпионатнинг дастлабки тўрт поғонасидан жой олган клуб вакиллари Машариповни ёдга олиб ўтган. Эндиликда унинг устозига айланиши мумкин бўлган «Локо» мураббийи Мирко Йеличич ҳамда «темирйўлчилар» сардори Тимур Кападзе, шунингдек, «Бунёдкор» устози Сергей Лушчан ва сардори Акмал Шораҳмедов, «Насаф» ҳамда «Бухоро» клуби сардорлари ўз овозларида Жалолиддин Машариповни ҳам қайд этиб ўтганди.
Маълумот учун, «Пахтакор» 2017 йилги мавсумда халқаро майдонда иштирок этмайди. «Локомотив» эса Осиё Чемпионлар лигаси доирасида энг камида 6 та ўйин ўтказади. Машариповнинг «темирйўлчилар» сафига бориб қўшилиши футболчини хориж клубларига реклама қилишда ҳам ас қотади. Шунингдек, Сервер Жепаров, Санжар Шоаҳмедов каби етакчи ярим ҳимоячиларини қўйиб юборган «Локомотив» таркибини кучайтиради.
Изоҳ (0)