Аксарият ота-оналар болалар байрамини мустақил ташкил қилишни мураккаб вазифа деб ҳисоблайди ва бунга профессионалларни жалб этишни маъқул кўради. Бироқ байрамни ўзингиз ҳам ташкил қилишингиз мумкин. Бу кўп вақт ва куч талаб қилмайди.
Биринчи навбатда байрам мавзусини танлаб олинг. Бу «Митти парининг туғилган куни», «Бетмен Суперменга қарши» каби мавзулар бўлиши мумкин. Бунда боланинг ёши ва қизиқишларидан келиб чиқиш мумкин. Ғояларингиз парвози айнан байрам мавзусидан келиб чиқишини ҳисобга олинг.
Кейинги босқичда байрам ўтказиладиган жойни аниқлаб олинг. Агар у квартирада ташкил қилинса, энг кенг хона ажратилиши керак. Ўйин ва байрам дастури алоҳида хонада, байрам дастурхони эса бошқа хонада безатилиши мақсадга мувофиқдир. Хонани танланган мавзуга мос плакатлар, пардалар билан безатинг. Фантазиянгизни ишга солинг!
Байрамни кафе ёки болалар клубида ўтказишга қарор қилган бўлсангиз, уни мавзуга мос безатиш ҳақида муассаса маъмурияти билан олдиндан келишиб олишингиз мумкин.
Албатта суратлар ҳудудини ташкил қилинг! Фақат суратларни гулқоғоз ва шкафга ёпиштирманг, бу жуда зерикарли кўринади. Бундай ёрқин деворни яратиш учун гирлянда, шарлар ва туғилган куни нишонланаётган болакайнинг суратлари керак бўлади.
Болаларни меҳмон қилиш учун уларнинг барчасига хуш ёқувчи пицца, ёки бутербродлар буюртма қилиш ёки тайёрлаш мумкин. Муҳими уларни ноодатий безатишга ҳаракат қилинг.
Байрам дастуридаги танловларда совғалар тарқатмаган маъқул. Бу болаларни чалғитиб, баъзан можароларни ҳам келтириб чиқаради. Яхшиси байрам сўнгида барча болаларга ширинлик, сувенир ёки суратчалар тарқатинг.
Азиз фарзандларингиз байрамлари ҳар доим қизиқарли ўтиши ва узоқ йиллар ёдда қолишига тилакдошмиз!
Изоҳ (0)