Амирлик йиғинида бўлиб турган Тошкентнинг «Пахтакор» футбол клуби «Краснодар»га қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушди ва 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу ҳақда «Пахтакор» матбуот хизмати хабар қилди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сўнгги ўйинида сардорлик қилган дарвозабон Александр Лобанов ўз постини 50 дақиқа давомида голдан сақлай олди. 50-дақиқада Торнике Окриашвили краснодарликларни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, орадан беш дақиқа ўтиб Жигулёв Лобанов дарвозасига иккинчи бор йўл топди — 0:2.
Маълумот учун, Лобанов Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Грузияга қарши ўйинида 8 дақиқа ичида 2 та гол ўтказганди, «Пахтакор»нинг «Краснодар»га қарши тўқнашувида эса бу кўрсаткични 5 дақиқа ичида қайд эта олди.
«Пахтакор» сайтида ёзилишича, учрашувнинг биринчи бўлимида Игорь Сергеев дарвоза устунини нишонга олишга муваффақ бўлган.
Маълумот учун, «Краснодар» Россия Премьер-лигасининг ортда қолган 17-туридан кейин «Спартак», «Зенит», «ЦСКА» ва «Терек» клубларидан сўнг 5-ўринни эгаллаб турибди. Бироз олдинроқ Тошкентнинг бошқа бир клуби «Локомотив» Санкт-Петербургнинг «Зенит» клуби билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаганди.
Ўртоқлик ўйини БАА, Абу Даби 25 январь, чоршанба
Изоҳ (0)