Дўстлар ёки қариндошларимизнинг тўйига йўл олар эканмиз, ҳар доимгидек, нима совға қилсам экан, деган савол пайдо бўлади. Совға фойдали ва ёдда қоларли, яқинларимизда ажойиб таассурот уйғотишини истаймиз. Шуни унутмаслик лозимки, келин-куёв учун совғанинг қиймати эмас, эътиборингиз биринчи ўринда туради.
Агар ёшлар оилавий ҳаётини нолдан бошлаётган бўлса, ҳар қандай маиший техника, мебель ёки интерьер буюми уларга асқотади.
Барча даврларда ёшларга тўй совғаси сифатида идишлар ҳадя қилинган. Ёш оила учун зангламайдиган пўлатдан ишланган кастрюлькалар тўплами, керамик қопламли идишлар тўплами, стол анжомлари тўплами, шунингдек, чинни ёки иссиққа чидамли ойнадан ишланган стол сервизини харид қилиш мумкин.
Замонавий маиший техника анъанавий идишларни бироз четга чиқарди. Бугун тўйларда ошхона комбайни, миксер, дазмол, қаҳва тайёрлайдиган машина ва бошқалар кўплаб совға қилинмоқда.
Пул — замонавий тўйлардаги энг оммабоп совға. Пул шаклидаги совғанинг сира ёмон томони йўқ. Бу ҳолатда ёшлар ўзи учун энг керакли нарсани харид қилиши мумкин. Агар пул ҳадя қилиш билан бирга эсда қоларли совға қилишни истасангиз, маиший техника супермаркети, мебеллар салони ёки заргарлик дўконининг совға сертификатини харид қилишингиз мумкин.
Агар пулингиз унча кўп бўлмаса, лекин ҳақиқатда унутилмас совға қилишни истасангиз фотосессия учун сертификат, яхтада, отда сайр қилиш учун тўлов, машҳур қўшиқчининг концертига чипталар айнан сизбоп совғалардир.
Тўй кунидан роппа-роса бир ой кейинга белгиланган ресторандаги кечки таом ёш оила учун романтик совға бўла олади. Экстремал дам олишни хуш кўрувчилар учун парашютдан сакраш, картингга ташриф буюриш ёки квест-румга таклифнома ҳам маъқул келади. Фақат келин-куёв аввал у ерга бормаганлигига ишонч ҳосил қилинг!
Изоҳ (0)