Тошкентдаги тўйлардан бирида куёвнинг келин учун тайёрлаган рақси акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Мазкур видеода куёв тўйга ташриф буюрган дўстлари билан биргаликда ажойиб ва ноодатий тарзда рақсга тушганини кўриш мумкин. Қайд этиш жоизки, бундай ҳолат Ўзбекистондаги тўйларда илк маротаба учраши, деб ёзади «Darakchi.uz».
Куёв жаҳон эстрадасидаги энг хит тароналар садолари остида келиннинг қаршисида рақсга тушган, келин эса бу манзарани завқ билан томоша қилган.
Facebook ижтимоий тармоғига жойланган видеога интернет фойдаланувчилари ўз фикрларини ёзиб қолдирган. Аксарият интернет фойдаланувчилари куёвнинг рақсига нисбатан ижобий фикр билдирмоқда.
«Жуда яхши фикр. Тўй келин ва куёвники бўлиши керак. Бир марта тўй бўлади шу сабабли келин-куёв ўйнаб-кулиб, тўйини шод-хуррамлик билан ўтказиши керак», — деб ёзади фойдаланувчилардан бири.
Мазкур изоҳларга куёвнинг ўзи ҳам қуйидагича жавоб ёзган:
«Шунчаки, кимдир учун эмас, рафиқам учун чин дилдан ҳаракат қилдим. Дўстларимга ташкилий ишлар учун миннатдорчилик билдираман. Ўйлашимча, олти соат репетициядан сўнг рақс кўнгилдагидек чиқди. Видеони кимдир Facebook’га жойлаштиради, деб ўйламагандим. Рақсим кимгадир ёққан бўлса, хурсандман! Ҳаммага раҳмат!».
Маълум бўлишича, мазкур видеодаги келин-куёвнинг исми Алишер ва Камола. Тўйнинг қайси ресторанда ва қачон бўлгани эса номаълум.
Рақс сўнгида куёв ва унинг дўстлари келинга шардан ясалган гуллар тақдим этиб, даврага келинни ҳам таклиф қилди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)