Ўзбек кино санъатининг улуғ дарғаси, машҳур режиссёр, профессор Шуҳрат Аббосов кеча, 16 январь куни 86 ёшга тўлди, деб ёзади «Darakchi.uz».
Шуҳрат Аббосов «Маҳаллада дув-дув гап» (1960), «Сен етим эмассан» (1962), «Тошкент – нон шаҳри» (1967), «Абу Райҳон Беруний» (1974), «Оловли йўллар» (1977—1985), «Отамдан қолган далалар» (1997), «Дилор, Дилор, дил ва ор» (2015), «Яна маҳаллада дув-дув гап» (2016—2017) фильмларига режиссёрлик қилган.
Шуҳрат Аббосов СССР халқ артисти, «Шуҳрат» медали, «Эл-юрт ҳурмати» ордени ва ўнлаб халқаро кинофестивалларда бош мукофот соҳиби бўлган ва энг яхши режиссёр сифатида тақдирланган.
Киноижодкор Қўқон шаҳрида дунёга келди. У 1949 йилда Тошкент тиббиёт техникуми, 1954 йилда Тошкент давлат маданият институтини, 1958 йилда ВГИК (Бутуниттифоқ кинематография олий мактаби)да режиссёрлик курсини тамомлаган. У ўзининг меҳнат фаолиятини 1954 йилда Янгийўлдаги Тошкент вилояти мусиқали драма театри бош режиссёрлигидан бошлаган.
1958—1991 йилларда «Ўзбекфильм» киностудияси режиссёри, 1982—1986 йилларда киностудия директори лавозимида ишлаган.
1983 йилдан то ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институтида профессионал мутахассис ва педагог сифатида талабаларга таълим бермоқда.
Режиссёрнинг 86 ёшга тўлиши муносабати билан тадбир ташкил этилди. Унда «Яна маҳаллада дув-дув гап» фильми ижодкорлари, Шуҳрат Аббосовнинг шогирдлари, ёш режиссёр ва актёрлар иштирок этди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)