Болливуднинг кўзга кўринган актёрларидан бири Ом Пури 6 январь куни вафот этди. Бу ҳақда «Qalampir.uz» хабар бермоқда.
Хабар беришларича, актёрнинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган; уни Мумбайдаги уйидан жонсиз ҳолда топишган.
Ом Пурининг вафоти муносабати билан унинг кўплаб ҳамкасблари, шунингдек, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳам чуқур ҳамдардлик билдирган.
«Ом Пурининг вафоти ҳақидаги хабардан ҳайратдаман. Азиз дўст, мафтункор ҳамкасб, беназир истеъдод соҳиби эди. Чуқур қайғудаман», - дейилади актёр Амитабҳ Баччаннинг таъзияномасида.
«Яратганнинг боғи жуда гўзал бўладиган бўлди – у ҳар доим яхшиларни чақириб олади. Ом Пури билан Берлинда умумий бренд остида ишлагандик. Сизни соғиниб қоламан. Жойингиз жаннатдан бўлсин!», - деб ёзди машҳур Шоҳрух Хон.
Ом Пури «Ганди», «Диско ўйинчиси», «Лаззат шаҳри» каби фильмлардаги роллари билан танилган. Ўзбекистонлик кинотомошабинлар уни «Қайнота» фильмидаги иштироки орқали яхши билади.
Актёр кинода 1975 йили, «Ўғри, кўздан йўқол!» фильмидаги роли билан дебют қилган. У ҳинд фильмлари билан биргаликда Британия сериалларида ҳам рол ижро этган.
Ом Пури 2004 йили Британия киносаноатига қўшган ҳиссаси учун мукофотланган. 1990 йилда эса Падма Шри мукофотини қўлга киритган эди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)