Қишдан кейин келадиган баҳор фасли кишини янгиликларга чорлайди. Саёҳатларни хуш кўрувчи ҳар бир инсон истакларидан келиб чиқиб, саёҳат йўналишини белгилайди.
Travelask дунёнинг энг чиройли кўчалари бўйлаб саёҳатни таклиф қилади.
Мадина, Шефшауэн (Марокаш)
Бу ранг-баранг шаҳар Марокашнинг шимолий қисмида жойлашган. Шефшауэнда уй ва кўчаларни оч кўк рангдан тўқ кулранг, ҳатто бинафша ранггача бўяш анъанаси Марокашга 1930 йилларда кўчиб келган қочоқ яҳудийлар туфайли юзага келган. Эски шаҳардаги яҳудийлар учун муқаддас саналган рангга бўялган эшик, дераза ва деворлар уларга осмон ва Худо ҳақида эслатиб туради.
Ҳаводаги соябонлар кўчаси, Агеда (Португалия)
Чиройли жойлаштирилган соябонлар илк бор 2012 йилда пайдо бўлган. Инсталляция ҳар йили алмашиб туради ва унда янги соябонлар пайдо бўлади. Ёрқин рангдаги ўнлаб соябонлар кўчани безаб туриш билан бирга қуёш нурларидан ажойиб ҳимоя вазифасини ҳам бажаради.
Сеҳрли гиламлар кўчаси, Ла-Оротава (Тенерифе)
Ҳар йили июнь ойида Corpus Christi байрами арафасида Ла-Оротава шаҳарчаси бошқарма биноси олдига улкан гилам ёзилади. У вулқон тупроқларидан яратилган ноёб картиналардан иборат. Ҳар бир картинани яратиш учун тупроқнинг 23 хил тусидан фойдаланилади. Битта картина ўн киши томонидан 40 кун ичида яратилади. 2006 йилда шаҳарда майдони 950 квадрат метрдан иборат гилам яратилиб, рекорд ўрнатилган.
Вилла де Грасия, Барселона (Испания)
Август ойида Festa Major фестивали бошланиши билан Барселона кварталларидан бири ёрқин карнавалга айланади. Мазкур байрамда кўчалар энг оригинал ва ёрқин кўча номи учун бир-бири билан беллашади. Ҳар бир кўча алоҳида мавзуга мос безатилади ва уни безатиш билан шуғулланувчи аҳоли фақат иккиламчи материаллардан фойдаланади.
Дарз кетган тошлар кўчаси, Энсхеде (Голландия)
Roombeek — Энсхеде шаҳри марказида жойлашган савдо кўчаси. Унинг тақдири бир вақтнинг ўзида ҳам фожиали ҳам ажойибдир. 2000 йилда бу ердаги мушак омборида портлаш содир бўлган. Оқибатда 650 та уй ва кўчалар вайрон бўлган. Бир неча йилдан сўнг у тўлиқ қайта тикланди ва ер ости жилғалари ташқарига олиб чиқилди. Уларнинг юзасидаги тош бўлаклари иссиқ кунлар келиши билан эрий бошлаган муз парчаларини эслатади.
Санта-Катарина кўчаси, Порту (Португалия)
Азулежу — оқ-кўк ранглардаги керамик плиталар Португалияда санъат турига айланган. «Аз-зулайж» арабчада «тошча» деган маънони англатади. Азулежу эстетик функциядан ташқари фойдали жиҳатларга ҳам эга: улар қишда заҳдан ҳимоя қилса, ёзда салқинликни сақлаб туради.
Лицзян эски шаҳри (Хитой)
Лицзян қадимий шаҳри икки қисм: эски ва янги шаҳарга бўлинади. Унинг эски шаҳар қисми ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектларига киритилган. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, «Шаҳар сув туфайли, сув эса шаҳар туфайли мавжуд». Юйцюаньхэ дарёси учта тармоқдан иборат бўлиб, улар бутун шаҳар бўйлаб ўтади. Айнан шу туфайли бу ерда ажойиб кўприкча ва каналлар сон-саноқсиз.
Альберобелло, Апулия, Италия
Бу шаҳарча қордай оппоқ трулли-уйчалари билан машҳур. Трулли ўткир учли томга эга бўлган уйлардир. Бу каби қурилмалар дунёнинг ҳеч бир бурчагида учрамайди. Қурилманинг ўзига хос жиҳати бостирма тошлардир. Агар улар ажратиб олинса, уй тошлар уюмига айланган ва аҳолини солиқ тўлашдан озод қилган.
Ломбард-стрит (Сан-Франциско, АҚШ)
Мазкур кўча сайёҳларни Сан-Францискога чорловчи диққатга сазовор жойлардан биридир. Шаҳар аҳолиси Ломбард-стритни фахр билан «дунёнинг энг эгри кўчаси» деб атайди. Унинг кичикроқ қисми Рус тепалигидан ўтади. Архитекторлар қиялик бурчагини қисқартириш учун уни саккизта кескин бурилиш билан «силлиқлади». Бу ерда ҳаракатланиш тезлиги соатига саккиз километрдан ошмаслиги керак.
Изоҳ (0)