Хитойнинг iQiyi видеоплатформаси аноним фойдаланувчиси Хунань провинциясида Амур йўлбарси сақланаётган шароитни акс эттирган роликни жойлади. Ҳайвон ўргатувчилар йўлбарсни ҳаракатланиш ва бошини кўтариш имконини бермайдиган тарзда боғлаб қўйган, деб ёзади TJournal.
Роликда ташриф буюрувчилар болалари билан йўлбарснинг устига ўтириб, суратга тушаётганлигини кўриш мумкин.
«Йўлбарсни эгарлаш қандай ажойиб, сиз бу орқали ўзингизни шайтондан ҳимоя қилиб, уйингизга бойлик олиб кирасиз», — дейди цирк ходимларидан бири ташриф буюрувчиларга. Хитойда бойлик худоси кўпинча йўлбарс устида ўтирган эркак қиёфасида гавдалантирилади.
Буюк Британия ҳайвонларни ҳимоя қилиш ташкилоти директори Элиза Алленнинг сўзларига қараганда, ҳайвон ўргатувчилар йўлбарсни қўрқитиб, озодликни асирликка алмаштиришга мажбур қилган. У, шунингдек, орқа планда қафасдаги айиқни ҳам кўрганлиги ва унинг айлана бўйлаб юраётганлиги циркдаги ҳайвонларда тез-тез учрайдиган руҳий жароҳатдан дарак беришини таъкидлади.
Амур йўлбарси расман йўқолиб кетаётган ҳайвон деб топилган. Ёввойи табиатда 540 га яқин Амур йўлбарси бўлиб, улардан 40 таси Хитойга тўғри келади.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)