10—15 январь кунлари Хитой, Исландия, Хорватия ва Чили терма жамоалари иштирок этадиган China cup—2017 турнири бўлиб ўтиши аввалроқ хабар қилинганди. Кеча — 10 январь куни ярим финалнинг илк учрашуви бўлиб ўтди ва унда мезбон Хитой терма жамоаси Исландияга қарши саф тортди.
ЖЧ—2018 саралашида Ўзбекистон билан бир гуруҳдан жой олган хитойликлар учрашувни 0:2 ҳисобида бой берди, деб ёзди ЎФФ матбуот хизмати. Голларнинг биринчиси 64-дақиқада Финбоннасон томонидан, иккинчиси 88-дақиқада Сигурдарсон томонидан урилган.
Бугун — 11 январь куни ярим финалнинг иккинчи жуфтлигида Чили ва Хорватия терма жамоалари майдонга тушади. Ғолиб жамоа 15 январь куни China cup—2017 ғолиблиги учун Исландияга қарши саф тортади. Мағлуб томон турнирнинг 3-ўрин соҳибини аниқлаш учун Хитой билан беллашади.
Маълумот учун, Хитой терма жамоаси ЖЧ—2018 саралашининг «А» гуруҳида 2 очко билан сўнгги ўринни эгаллаб турибди. 4-турдан кейин бор-йўғи 1 очко қўлга киритилгач, Хитой футбол федерацияси амалдаги бош мураббий Гао Ханбога чиқиш эшикларини кўрсатиб, унинг ўрнига италиялик Марчелло Липпини бош мураббий қилганди.
Айни вақтда Липпи дунёда энг катта маош оладиган футбол мураббийи ҳисобланади. Унинг бошқарувида Хитой ЖЧ—2018 саралашида Қатар билан майдонга тушиб, 0:0 ҳисобига имзо чекканди. Ўша учрашувдан тахминан 1 ҳафта олдин Липпи Хитой термасини қабул қилиб олганди.
2006 йил Италия билан жаҳон чемпионлигини қўлга киритган мутахассис бунга қадар ҳам Хитойда фаолият олиб бориб, «Гуанжоу Эвергранд» клубини аввалига мамлакат, кейин эса Осиё чемпионлар лигаси ғолиби қилган. 10 январь куни Хитой устидан 2:0 ҳисобида зафар қучган Исландия терма жамоаси эса Евро—2016 мусобақасининг чорак финалига қадар етиб борганди.
China cup—2017 Ярим финал 10 январь, сешанба
Хитой — Исландия 0:2
Голлар: Финбоннасон, 64 (0:1). Сигурдарсон, 88 (0:2).11 январь, чоршанбаЧили — Хорватия
Изоҳ (0)