Кот-д’Ивуар бош вазири Даниель Каблан Дункан истеъфо бергани ва ҳукуматни тарқатиб юборганини маълум қилди. Бу ҳақда, Reuters’га асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
«Мен президент Алассан Уаттара билан учрашувдан сўнг истеъфо бердим ва ҳукуматни тарқатиб юбордим», — деди ҳукумат раҳбари.
2016 йил 30 октябридаги референдумда қабул қилинган янги конституция парламентнинг юқори палатаси ташкил этилишига олиб келди. 18 декабрдаги сайловда кўпчилик ўринлар «Уфуэтистларнинг демократия ва тинчлик йўлидаги бирлашмаси» альянсига насиб этди. Коалицияга «Республикачилар бирлашмаси», Демократик партия ва бир қанча кичик партия кирди.
Шунингдек, референдумга биноан, вице-президент лавозими жорий этилади. Вице-президент давлат раҳбари касаллигида, у вафот этса ёки муддатидан олдин лавозимидан озод этилса, вақтинчалик мамлакатни бошқариб туради. Кейинги сайловдан бошлаб вице-президент президент билан бирга сайланадиган бўлади.
Шу каби сиёсий ўзгаришлар бош вазир ва унинг партиясига маъқул тушмагани боис ҳукумат тарқатиб юборилди.
Изоҳ (0)