Туркия Истанбулдаги тунги клубга уюштирилган ҳужумга алоқадорликда гумонланаётган Қирғизистон фуқароси ҳақида ушбу мамлакат тегишли хизматларига ҳеч қандай сўров юбормади. Бу ҳақда Қирғизистон ТИВ баёнот берди, деб хабар қилади «ТАСС».
«Шу пайтга қадар Туркия томонидан дипломатик каналлар бўйича Я. Машрапов бўйича ҳеч қандай сўровлар киритилмади», — дейилади ташқи сиёсий идора тарқатган баёнотда.
Илгарироқ Қирғизистон фуқароси Яҳё Машрапов терактга алоқадорликда гумон қилинган ва ҳатто унинг суратлари Туркия матбуотида эълон қилинган эди. Аммо Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси Машрапов мамлакатга қайтиши билан у сўроқ қилингани ҳамда айбловлар тасдиқланмаганини билдирди.
Шунга қарамай, баёнотда таъкидланишича, республика ҳуқуқ-тартибот органлари ушбу масалада ўз терговларини ўтказмоқда.
Изоҳ (0)