Хитойнинг «Бейцзинг Гоан» клубини бошқариш учун Хитойга испаниялик мутахассис Хосе Мануэль Гонсалес етиб келди, деб ёзди «Championat.asia». Қайд этиш керак, мазкур клуб сафида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Егор Кримец тўп суради.
Гонсалес 2014—2016 йиллар давомида «Бейцзинг Гоан» бош мураббийи бўлиб ишлаган Грегорио Мансанога ёрдамчилик қилган. 2001 йилдан буён мураббий сифатида ишлаб келаётган мутахассис бунга қадар Испаниянинг «Кадис», «Альбасете», «Кордоба», «Мурсия», «Гранада» каби клубларини бошқарган. Футболчилик вақтида эса «Кадис», «Мальорка», «Альбасете», «Райо Вальекано», «Малага» каби испан клубларида ва Хитойнинг «Тианжин Samsung» жамоасида ўйнаган.
Маълумот учун, «Бейцзинг Гоан» клубини 2015 йилги мавсумнинг биринчи ярмида италиялик Альберто Дзаккерони бошқариб борган бўлиб, унинг истеъфосидан кейин маҳаллий мутахассислардан бири Цье Фенг жамоа бошқарувини қўлга олганди.
2016 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев ҳам мазкур жамоа сафига бориб қўшилганди. Бироқ мавсум сўнггида у ортга қайтиб келди. Ўзбекистонлик футболчи Хитой Супер Лигасида ўзини кўрсата олмади. У билан деярли бир вақтда олиб келинган туркиялик Бурак Йилмаз эса 17 та ўйинда 11 та гол уриб, тўпурарлар рўйхатига кириб олганди.
Изоҳ (0)