Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва мамлакат Миллий Олимпия Қўмитаси президенти Мираброр Усмонов кириб келаётган 2017 йил билан ватандошларини қутлаб, уларга табрик йўллади.
Мираброр Усмонов сўнгги 25 йил давомида Ўзбекистон спортида амалга оширилган ишларга қисқача тўхталиб ўтган. Айниқса, 2013—2016 йиллар давомида қилинган ишлар катта ғалабаларга замин яратганини қайд этган.
Якунига етиб бораётган 2016 йил ўзбек спортида ўчмас из қолдирди. Барчамиз ватанимиз спортчиларининг йил давомида зафарли юришларига гувоҳ бўлиб бордик. Спортчиларимиз халқаро майдонларда, энг нуфузли мусобақаларда мустақил диёримиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, бутун дунёга Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслигини яна бир бор исботлади.Мираброр Усмонов 2012 йил бўлиб ўтган Лондон Олимпиадасидан кейин Рио—2016 учун тайёргарлик бошлаб юборилганини қайд этиб, олдиндаги муваффақиятлар учун улкан меҳнат қилинганини айтиб ўтган. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан 2013 йилнинг 25 февраль куни имзоланган «Ўзбекистон спортчиларининг 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги олимпия ва XV паралимпия ўйинларида иштирок этишга тайёргарлиги тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим қадам экани эсланган.Мираброр Усмонов, МОҚ президенти
Олимпия спорт турларига бўлган эътибор тудбан ўзгарди. Спортчиларимиз бир неча нуфузли халқаро мусобақаларда тобланди, хориж давлатларида йиғинлар ташкил этилди, спортчи ва мураббийлар моддий томондан тўлиқ таъминланди. Бир сўз билан айтганда, улар учун барча шароитлар яратиб берилди. Биз жонажон Ўзбекистонимиз спортида мустаҳкам пойдевор ярата олдик.Табрик давомида Мираброр Усмонов Ҳасанбой Дўстматовнинг йил спортчиси деб тан олиниши, Оксана Чусовитинанинг Гиннес рекордлари китобидан жой олиши, Руслан Нуриддиновнинг Олимпиада рекордини ўрнатишини алоҳида эътироф этган. Бу ишлар замирида мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов қаторида амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг амалий кўмаги борлигини таъкидлаган.Мираброр Усмонов, МОҚ президенти
Остонада эшик қоқаётган 2017 йил биз учун янада масъулиятли, янада муҳим бўлиши шубҳасиз. Чунки спортда «Чемпионликка эришишдан кўра, уни сақлаб қолиш қийинроқ» деган ибора мавжуд. Шундай экан, 2020 йилда Токио мезбонлик қиладиган навбатдаги Олимпиада ўйинларида ғалабаларимиз янада бардавом, ютуқларимиз бунданда салмоқли бўлиши учун биз — бутун спорт жамоатчилиги ва олимпия ҳаракати иштирокчилари тайёргарликни бир дақиқага бўлса-да сусайтирмаслигимиз керак. Ишонаманки, кириб келаётган янги йил спортимиз учун бунданда омадли ва барокатли йил бўлади.Сиз азиз ватандошларимизни кириб келаётган янги — 2017 йил билан муборакбод этиб, навбатдаги тўрт йиллик муваффақиятлар ва юксак натижаларга бой бўлишини тилаб қоламан. Оилангизга тинчлик-хотиржамлик, хонадонингизга қут-барака тилайман. Юртимиз тинч, осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин, азиз юртдошлар! Янги йилингиз билан!
Мираброр Усмонов, МОҚ президенти
Изоҳ (0)