Қирғизистон жамоатчилик телерадиоэшиттиришлар корпорацияси (КТРК) раҳбари Илим Карипбеков ўзининг Twitter саҳифасида «КТРК Спорт» телеканалига бўладиган мурожаатлар масаласига тўхталиб ўтди.
Ростини айтсам, «КТРК Спорт» телеканали ишга тушгани учун миннатдорчилик билдириб, ўзбекистонлик мухлислар ўзимизникилардан уч марта кўпроқ телефон қилади.Раҳбарнинг сўзларига кўра, Қирғизистонда спорт телеканалининг ишга тушиши ва фаолият олиб боришига оддий ҳолат сифатида қаралади.
Бизникилар бунга худди шундай бўлиши керакдек муносабатда бўлади. Бу канал вазифаси сифатида кўрилади. Шарҳловчиларнинг жуда кичик хатосидан тортиб, ТВ сифатига қадар қирғизистонлик мухлислар томонидан тонналаб негатив фикр билан танқид қилинади.Маълумот учун, «КТРК» телеканали Европа Чемпионлар Лигаси мусобақасини уч йилдан буён қонуний трансляция қилиб келади. Бир йил муқаддам эса Испания Ла Лигасини трансляция қилиш ҳуқуқи сотиб олинган. Жорий мавсумдан эътиборан эса Англия Премьер-Лигаси ўйинлари кўрсатила бошланди.
Телеканални томоша қилиш мухлислар учун бепул. Уни DVB-T2 тюнери ёрдамида чегарадош ҳудудларда ҳам томоша қилиш мумкин. Хусусан, Қозоғистон, Хитой, Тожикистон, Россия ва Ўзбекистоннинг баъзи ҳудудларида «КТРК Спорт»ни томоша қилишнинг имкони бор.
Ўзбекистон таснифида эса UzReport телеканали 1 йил муқаддам трансляция ҳуқуқларини қонуний сотиб олишни бошлади ва ҳозирга қадар Англия Премьер-Лигаси, Испания Ла Лигаси ҳамда Европа Чемпионлар Лигаси беллашувларини намойиш қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Қирғизистонлик мухлислардан бири Twitter’даги пост остига ўзбекистонликлар қирғизистонликлардан уч баробар кўплиги инобатга олинса, бунинг ҳеч қандай тушунарсиз жойи йўқлигини қайд этган. Бунга жавоб тариқасида эса Илим Карипбеков фақатгина ўзбекистонлик мухлислар негатив фикр билдирмаслигини ва асосан миннатдорчилик изҳор этишини билдирган.
Кейинроқ водийда истиқомат қилувчи бир қатор ўзбекистонликлар Евро—2016 беллашувларини «КТРК Спорт»дан томоша қилганликларига иқрор бўлган. Мусобақанинг трансляция ҳуқуқи UzReport томонидан сотиб олинган бўлса-да, кўринишидан тўлқин Қирғизистон каналида нисбатан яхшироқ ушлаган.
Изоҳ (0)