Якунига етган мавсумни Ўзбекистон Олий Лигасида ўтказиб, Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби шарафини ҳимоя қилган Баҳодир Насимов фаолиятини Жанубий Корея Кей Лигасида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда «Championat.asia» нашри маълумот берди.
Насимовнинг хизматлари билан айнан қайси клуб қизиқиб қолганига ойдинлик киритилмаган. Айтилишича, у янги йилдан кейин Жанубий Кореяга жўнаб кетади ва номи сир тутилаётган клуб сафида тиббий кўрикдан ўтади. Барчаси муваффақиятли чиқса, янги шартномага имзо чекади.
Ҳужумчи Ўзбекистон Олий Лигаси доирасида 2016 йил ҳисобидан 26 та ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 8 та гол урди ва жамоасининг кумуш медалларни қўлга киритишига ҳисса қўшди. Насимов ҳозирга қадар Самарқанднинг «Динамо», Қозоннинг «Рубин», Бокунинг «Нефтчи», Эроннинг «Падидеҳ» клубларида тўп сурган.
Жанубий Корея Кей Лигасида Баҳодир Насимовга қадар ўзбекистонлик футболчилардан Сервер Жепаров, Тимур Кападзе ва Александр Гейнрих ўйнаган. Улар орасидан фақатгина Сервер Жепаров мамлакат чемпионлигини қўлга киритган.
Маълумот учун, 2016 йилнинг декабрига келиб уч нафар ўзбекистонлик футболчи хориж клуби сафига бориб қўшилди. Фозил Мусаев Япониянинг «Жубило Ивата» клуби билан шартнома тузди. Жавлон Гусейнов эса фаолиятини Таиланднинг «Чаинат Хонбилл» клубида давом эттиради. Ва ниҳоят Санжар Турсунов Украинадан Қатарга қайтиб келиб, карьерасини «Ал-Харайтият» клубида давом эттиришга қарор қилган.
Ўзбекистон миллий терма жамоасини Самвел Бабаян қабул қилиб олганидан сўнг мазкур уч футболчи қаторида Баҳодир Насимовнинг ҳам терма лагеридан қадами деярли узилган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)