27 декабрида Ўзбекистон миллий матбуот марказида Вазирлар Маҳкамасининг «Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар бўйича ўтказиладиган матбуот анжуманларининг ягона режаси»га асосан «Ўзархив» агентлиги томонидан «Архив фаолиятини автоматлаштириш ва архивларда ахборот-коммуникацион технологияларини жорий этишнинг долзарб масалалари» мавзусидаги матбуот анжумани ташкил этилди. Бу ҳақда «Дарё»га «Ўзархив» хабар қилди.
Тадбирда агентлик томонидан архив фаолиятини автоматлаштириш натижасида жисмоний ва юридик шахсларга яратилаётган қулай имкониятлар ҳамда архивларда ахборот-коммуникацион технологияларини жорий этишдаги ютуқлар ва истиқболдаги режалар муҳокама этилди.
Тадбирда таъкидланишича, 2008 йилдан бошлаб барча давлат архивларида ахборот-коммуникацион технологияларидан фойдаланилган ҳолда асл ҳужжатларнинг умрини узайтириш мақсадида алоҳида қимматли ҳужжатларнинг электрон нусхаларини яратиш ишларига киришилди. Ҳозирга қадар 510 минг сақлов бирлигидан ортиқ, шу жумладан, 5,3 миллион кадр қоғоз асосдаги, 240 мингдан ортиқ фото, 1800 дан ортиқ кино, 2700 дан ортиқ фоно архив ҳужжатларининг электрон нусхалари яратилиб, жами давлат архивларида сақланаётган алоҳида қимматли ҳужжатларнинг 75 фоизи электрон форматга ўтказилди.
Аҳолининг архив ҳужжатларидан фойдаланиши учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида «Archive.uz» сайти мунтазам фаолият юритмоқда. Ушбу сайтда «Хизматлар» ва «Интерактив хизматлар» туркумларида фуқароларга архив муассасалари томонидан кўрсатиладиган хизматларга оид кенг кўламли маълумотлар ҳавола қилинган. Шунингдек, веб-сайт модернизация қилиниб, унда аҳоли ва тадбиркорлар учун агентлик раҳбариятининг виртуал қабулхонаси жорий қилинди. Виртуал қабулхона орқали интернетдан фойдаланувчилар электрон рақамли имзоларсиз бевосита агентлик раҳбариятига мурожаат этиши мумкин.
Жисмоний ва юридик шахсларга янада қулайликлар яратиш мақсадида Агентлик веб-сайтида ҳужжатларнинг қидирув тизими жорий этилиб, давлат архивларида сақланаётган 57235 та корхона, ташкилот ва муассасаларнинг шахсий таркиб ҳужжатлари тўғрисида маълумотлар жойлаштирилди.
Фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси ва Ягона давлат интерактив хизматлари портали орқали ҳам яқиндан кўмак берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси марказий давлат архивлари, Тошкент шаҳар, Сирдарё, Андижон, Қашқадарё, Жиззах ва Фарғона вилоятлари давлат архивларида жорий этилган замонавий ахборот (сенсорли) киоскларининг электрон базалари янада кенгайтирилиб, давлат архивлари фаолияти ва уларда сақланаётган ҳужжатлар ҳақида маълумотлар жойлаштирилди.
Бу каби қулайликлар туфайли давлат архивлари ўқув хоналарида архив ҳужжатларидан фойдаланувчилар ва қизиқувчиларнинг сони тобора ортмоқда. Биргина 2016 йилнинг ўзида 31400 дан ортиқ ҳужжат фойдаланувчилар томонидан ўқув хоналарида кўриб чиқилган.
Шунингдек, архив соҳасининг барча жабҳаларида ахборот-коммуникация тизимини жорий қилиш натижасида кундан-кунга фуқаролардан келиб тушаётган сўровларнинг сонида ўсиш суръати кузатилмоқда. Ўз навбатида, уларнинг мурожаатларига тезкор, қулай ва ўз вақтида жавоб қайтарилиши архив муассасалари билан фуқароларнинг ўртасида ўзаро ва ишчан алоқаларни мустаҳкамланишига замин яратмоқда. Жумладан, 2016 йил давомида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги, хусусан, меҳнат фаолияти ва иш ҳақини тасдиқлаш, ўқув муассасаларида ўқиганликни тасдиқлаш ҳамда мукофотланганлик тўғрисидаги архив маълумотномаларини бериш бўйича 2512 та сўровлар қабул қилиниб, ижроси таъминланди. Бу кўрсаткич 2015 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 35 фоизга ошганлигини кузатишимиз мумкин.
Изоҳ (0)