«Лукойл» ўзининг «Лукойл Оверсиз» шуъба корхонасида қайта структуралаштириш ишларини ўтказди. Ушбу корхона компаниянинг чет элдаги активларини бошқариш билан шуғулланар эди, деб хабар беради «Kommersant.uz».
Нефть компаниясининг раҳбари Вагит Алекперов «Известия» нашрига берган интервьюсида шуъба корхонаси учга бўлиниб, Дубай, Хьюстон ва Тошкентда йирик бошқарув марказлари ташкил этилганини маълум қилди.
«Деярли барчаси тугади. Энди бизда учта алоҳида минтақа бор: Хьюстон, Дубай ҳамда Ўзбекистон», — деди бизнесмен.
«Лукойл» раҳбарияти вакили Леонид Федуннинг сўзларига қараганда, реструктуризация бозорнинг бугунги талабларига мувофиқ ўтказилди. Шу билан бирга, компания чет элдаги бутун қайта ишлаш жараёнларини бир структурага бирлаштириб, бошқарув офисини Венага жойлаштирди. Бундан кўзланган мақсад маъмурий харажатларни қисқартириш эди.
Шу тариқа, «Лукойл Оверсиз» амалда тугатилди. Тошкентдаги марказ Ўрта Осиёда бизнесни бошқариш билан шуғулланади.
Изоҳ (0)